Сотилмаган “Пахтакор” ва балога қолган ЎФА – Спорт дайжести

Таҳлил

Бугун отиб кетилган ММА жангчиси, сотувга қўйилган "Пахтакор" ва Осиё кубогидаги дастлабки ғалабасига эришган Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳақида гаплашамиз. Ассалому алайкум. QALAMPIR.UZ’да спорт дайжести.

Нурсултон Рўзибоевнинг UFC'даги жанги тасдиқланди

Ўзбекистонлик UFC жангчиси Нурсултон Рўзибоев ташкилотдаги навбатдаги жангини америкалик Седрик Дюмага қарши ўтказади. 

Рўзибоев-Дюма жанги 30 март куни Американинг Атлантик-Сити шаҳри мезбонлик қиладиган UFC Fight Night турнири доирасида бўлиб ўтади.

Нурсултон Рўзибоев ҳозиргача UFC'да фақатгина 1 та жанг ўтказиб, рақибидан устун келган. 28 ёшли Дюма эса ташкилотда 3 марта октагонга кўтарилиб, 2 марта рақибларидан устун келган, 1 та жангда эса имкониятни бой берган.

Ҳозирда Нурсултон Рўзибоев АҚШда бўлажак жангига тайёргарлик кўрмоқда. Америкага учиб кетишидан бир неча соатлар олдин эса Рўзибоев QALAMPIR.UZ офисида меҳмон бўлиб, сайтимизга интервью берди ва ўзи билан боғлиқ бир қатор саволларга ойдинлик киритди. Жумладан Ўзбекистон панкратион ва греплинг ассоциацияси томонидан ўтказилган турнирда шогирди билан содир бўлан ҳолат ва келгуси режалари ҳақида фикрларини билдириб ўтди. Тўлиқ интервьюни YouTube саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин.

ОФК ЎФАга интизомий иш очди

Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Осиё кубоги 1-тури доирасида Сурияга қарши ўйинда миллий терма жамоа мухлислари турнирга алоқаси бўлмаган реклама компаниялари футболкаларини кийиб трибунада ўтиргани учун Ўзбекистон футбол ассоциациясига (ЎФА) нисбатан интизомий иш очди. Бу ҳақда футбол мутахассиси Алишер Никимбаев ўз Telegram саҳифасида маълум қилди.

“Бу ажабланарли ҳолат эмас. Ўзбекистонда анъанага кўра, бошқаларнинг интеллектуал ҳуқуқларига бепарволик билан муносабатда бўлиш мавжуд. Эътиборсизлик ва осон пул топиш истаги ЎФАни жаримага тортилишига олиб келиши мумкин”, дейилади манба хабарида.

Маълумот учун, 13 январь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон-Сурия ўйини нурсиз дуранг билан якунланди. 

18 январь куни футбол бўйича Осиё кубогининг 2-тури доирасида Ўзбекистон-Ҳиндистон баҳси бўлиб ўтди. Ўйин ўзбекистонлик футболчиларнинг 3:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Учрашувдаги барча голлар 1-бўлимда киритилди. “Оқ бўрилар” сафида голларга Аббосбек Файзуллаев, Игор Сергеев ва Шерзод Насруллаев муаллифлик қилди. Шундай қилиб Сречко Катанец шогирдлари мусобақадаги дастлабки 3 очкони қўлга киритди.

2-турдан сўнг, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз гуруҳида 4 очко билан 2-ўринни эгаллаб турибди. Икки турда ҳам ғалабага эришган Австралия терма жамоаси 6 очко жамғариб гуруҳда пешқадамлик қилмоқда. Кейинги турда

Ўзбекистон миллий терма жамоаси айнан Австралияга қарши гуруҳ ғолиблиги учун баҳс олиб боради.

Ўзбекистон-Австралия ўйини 23 январь куни бўлиб ўтади.

Марадонанинг ўғли отаси ўлдирилганини даъво қилмоқда

Аргентина терма жамоасининг собиқ футболчиси Диего Марадонанинг ўғли афсонавий отасининг вафоти ҳақида баёнот берди. 

Унга кўра отаси операциядан сўнг аҳволи оғирлашганида, ҳар томонлама ёрдам кўрсатилмай ўлдирилган.

“Очиқ тергов олиб борилмоқда. Биз Аргентина адолатидан умидвормиз. Ишончим комилки, бу шундай тугамайди. Улар отамни ўлдиришди. Менда тахминлар бор. Бироқ буни ким қилганини айтишга ҳали эрта”, деди кичик Диего Марадона.

Туркияда исроиллик футболчи қўлга олинди

Туркиянинг “Анталияспор” футбол клубининг исроиллик ярим ҳимоячиси Сагив Ехезкел “оммавий адоват ва нафрат уйғотиш”да айбланиб ҳибсга олинди. 

28 ёшли футболчи “Исроил томонидан Ғазо секторида амалга оширилган қирғинни қўллаб-қувватлашдаги масъулиятсиз ҳаракатлари туфайли” қўлга олинган.

14 январь куни Сагив Ехезкел “Анталияспор” - “Трабзонспор” учрашувида гол урди, шундан сўнг қўлидаги “100 кун. 7.10” ёзуви бор бандажни кўрсатди.  

Бу орқали Ехезкел урушга қарши бўлгани учун ишора қилганини айтди.

Ўйиндан сўнг “Анталияспор” клуби раҳбарияти Ехезкелни жамоадан четлатганини маълум қилди ва у билан шартномасини бекор қилди. 

Қайд этилишича, клуб спортчини Туркиянинг “миллий қадриятларига қарши гапирганликда” айблаган.

Ҳолатга Исроилнинг собиқ бош вазири Нафтали Беннет Туркиянинг ҳаракатларини очиқчасига қоралаб, ҳолатга муносабат билдирди.

“Бу Туркия – 2024. Уят, Туркия ҳукумати”, дейди Беннет.

15 январь куни Анталия прокуратураси Ехезкелни ҳибсдан озод қилди. 

Маълум бўлишича, футболчини олиб кетиш учун Исроилдан махсус самолёт юборилган.

Мазкур мавзу юзасидан таҳлилий видеоси Qalampir.uzning YouTube саҳифасига жойланган. Томоша қилишни тавсия қиламиз.

FIFA йилнинг энг яхшиларини эълон қилди

15 январ куни Халқаро футбол ассоциацияси (FIFA) Лондон шаҳрида бир қатор номинациялар бўйича 2023 йилнинг энг яхшиларини эълон қилди.

Овоз бериш натижаларига кўра, Аргентина миллий жамоаси ва АҚШнинг “Интер Майами” клуби ҳужумчиси Лионель Месси йилнинг энг яхши ўйинчиси деб топилди. 35 ёшли футболчи соврин учун курашда “Манчестер Сити” аъзоси Эрлинг Ҳоланд ва ПСЖ ҳужумчиси Килиан Мбаппени ортда қолдирди.

“Ман Сити”нинг испаниялик мураббийи Хосеп Гвардиола ортда қолган йилнинг энг яхши мураббийи деб эътироф этилди. Пеп бу борада италиялик мутахассислар Симоне Инзаги ва Лучано Спалеттини ортда қолдирди.

Шунингдек, аёллар футболида ҳам энг яхшилар аниқланди. “Барселона” аёллар жамоаси аъзоси Айтана Бонмати энг яхши аёл футболчи деб топилган бўлса, Англия аёллар терма жамоаси мураббийи Сарина Вигман энг яхши аёл мураббий совринига эга чиқди.

Бензема Франция ИИВни судга берди

“Ал-Иттиҳод” ҳужумчиси Карим Бензема Франция Ички ишлар вазири Жеральд Дарманин устидан судга мурожаат қилган. Бу ҳақда футболчининг адвокати Хьюг Вижье маълум қилди.

“Баъзилар Бенземани Франциядан қувишни истаса, бошқалари у ҳақида тўқиган бўҳтонлари учун ўзини айбдор санамайди. Хусусан, ўзини сиёсатчи деб атайдиган одамнинг даъволари ҳам мутлақо қонунга зиддир”, дейди Вижье.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция Ички ишлар вазири Жеральд Дарманин “Олтин тўп” эгаси Карим Бенземанинг террор ташкилоти билан алоқаси борлигини айтганди.

Дарманин футболчини “Мусулмон биродарлар” ташкилотига алоқадорликда айблаган.

Маълумот учун, Карим Бензема 2023 йилнинг ёзида эркин агент сифатида Саудия Арабистонининг “Ал-Иттиҳод” клубига ўтган эди. Жорий мавсумда футболчи клуб сафида барча турнирларда 11 та ўйин ўтказиб, 6 та гол урди ва 3 та голли узатмага муаллифлик қилган. Футболчининг Саудия клуби билан шартномаси 2026 йилнинг июнь ойи охиригача амал қилади. “Transfermarkt” интернет порталига кўра, форварднинг тахминий нархи 25 миллион еврони ташкил қилади.

“Пахтакор” сотувга қўйилди

Президентнинг 2023 йил 24 мартдаги ПҚ-102-сон қарорига асосан футбол клублари хусусийлаштирилиши белгиланган.

Осиё Футбол Конфедерацияси томонидан футбол клубларининг бир давлат ташкилоти тасарруфида бўлиши соғлом рақобат муҳитини яратишга тўсқинлик қилиши билдирилган. Бугунги кунда, футбол клублари давлат ташкилотлари ва давлат иштирокидаги корхоналар тасарруфида қолиб, умумий бенефициар сифатида давлат бўлиб қолмоқда.

Ўз навбатида, ушбу ҳолат халқаро принципларга мувофиқ ҳисобланмайди. Шунга кўра, дастлаб жозибадорлиги юқори бўлган футбол клубларини хусусийлаштирган ҳолда хусусий секторнинг улушини босқичма-босқич ошириш режалаштирилган.  

Шунга кўра, тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, Давлат активларини бошқариш агентлиги “Пахтакор футбол клуби” МЧЖнинг 100 фоиз давлат улуши бўйича оммавий савдо жараёнлари бошланганлигини эълон қилди.

Футбол клубининг фаолиятини сақлаб қолиш, ривожлантириш ва халқаро даражага олиб чиқиш;

Футбол клуби балансидаги барча спорт объектларидан, шу жумладан футбол майдонидан фақатгина спорт фаолияти йўналишларида фойдаланиш;

“Пахтакор” футбол клуби академияси фаолиятини сақлаб қолиш ва ривожлантириш.

Булар Давлат активидан келгусида фойдаланиш ва сотиб олишга қўйиладиган асосий талаблардир.

“Пахтакор футбол клуби” МЧЖнинг 100 фоиз давлат улушини бўйича оммавий савдо жараёнлари бошланганлигини эълон қилинганидан сўнг «Пахтакор» жамоаси клуб бошқарувидаги ўзгаришлар ҳақидаги хабарлар бўйича баёнот берди.

Унга кўра, клуб бошқарув тизимида ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган.

Жуда кўплаб ижтимоий тармоқларда «Пахтакор» футбол клуби раҳбариятида ўзгариш бўлгани тўғрисида хабарлар тарқатилди.

“Пахтакор” футбол клуби шуни маълум қиладики, клубимиз бошқарувида ўзгариш содир бўлмади ва Жаҳонгир Ортиқхўжаев клуб раиси сифатида фаолиятини давом эттирмоқда”, дейилади манба хабарида.

Эътиборлиси, 19 январга келиб, яъни “Пахтакор” сотувга қўйилганидан 2 кун ўтибоқ савдо жараёнлари тўхтатилди.

Бу ҳақда Давактив агентлиги ўз расмий сайтида маълум қилди.

Бунга эса жамоатчилик эътирози сабаб қилиб кўрсатилди.

“Ўтган давр мобайнида жамоатчилик томонидан билдирилган фикрларни ўрганган ҳолда, “Пахтакор футбол клуби” МЧЖнинг 100 фоиз давлат улуши бўйича оммавий савдо жараёнлари вақтинчалик тўхтатилганлиги маълум қилинади”, дейилади манба хабарида. 

Айтиш мумкинки, мужмал савдо пишмаслиги ва етарлича эътирозларга сабаб бўлиши аниқ эди. Шуни била туриб, давактив томонуидан нега Пахтакор сотувга қўйилди? Бўлар иш бўлди. “Пахтакор” МЧЖнинг 100 фоиз улуши сотувга қўйилди, нега унда 2 кун ўтибоқ савдо тўхтатилди? Аниқ саволлар кўп, аниқ жавобларни эса ҳозирча ҳеч қайси манбадан топа олмаяпмиз. Бу борада сизнинг фикрингиз қандай? Изоҳларингизни коментарияларда ёзиб қолдиринг.

Қозоғистонда таниқли MMA жангчиси отиб кетилди

Қозоғистоннинг Ўскемен шаҳрида таниқли ММА жангчиси Элёр Юнусметов ҳалок бўлди. 

Ҳолат шу йилнинг 13 январь куни содир бўлган. Номаълум шахс кўчада спортчига қарата икки марта ўқ узган. Ўқлар Юнусметовнинг бошига теккан ва спортчи воқеа жойида ҳалок бўлган.

27 ёшли гумонланувчи полиция томонидан қўлга олинган. Суриштирувга кўра, номаълум шахс Юнусметовни хотини билан учрашиб юрганликда гумон қилиб, отганини айтган.

Ҳозирда ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, Элёр Юнусметов 1990 йилда туғилган. У ММА'даги фаолияти билан танилган. Юнусметов халқаро тоифадаги спортчи ҳисобланади.

Бу ортда қолаёган ҳафта спортига оид энг муҳим янгиликлар эди. Саҳифаларимизга обуна бўлинг, фикрларингизни изоҳлар бўлимида ёзиб қолдиринг. Саломат бўлинг.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг