“Солиқ-ҳамкор”дан фойдаланиш чақимчиликка кирадими?

Бизнес

Супермаркет ва дўконларга кирганингизда акциз маркаси мавжуд бўлмаган, яроқлилик муддати ўтган сифатсиз маҳсулот сотилганининг, чек бермаслик, пластик карта қабул қилмаслик каби ҳолатларнинг гувоҳи бўлганмисиз. Хўш, бундай вазиятда қандай йўл тутасиз?

QALAMPIR.UZ сўровномасида иштирок этган респондентларнинг кўп қисми бундай воқеани бошдан кечирганини айтиб берди.

“Сифатсиз маҳсулот сотилганининг гувоҳи бўлганман. Шарбат олганимда унинг яроқлилик муддати ўтган экан. Кейин буни сотувчининг ўзига айтганман”, деди биз микрофон тутган фуқаролардан бири.

“Супермаркетларда доим чек беради, лекин кичик дўконларда ундай эмас. Яқинда “Фарҳод” бозорида шарбат олгандим, чек бермади. Қарасам, яроқлилик муддати ҳам ўтган экан. Уришиб-уришиб қайтариб бервордим”, дея ўз бошидан ўтказган воқеани гапириб берди бошқа бир истеъмолчи.

Яна бир респондент эса бундай воқеалар кўп бўлишини, у ҳам сотувчига яроқсиз маҳсулотни қайтариб беришини маълум қилди.

Фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини талаб қилиши бу жуда яхши ҳолат, аммо сотувчи талабни бажармаган тақдирда бунинг бошқа йўли ҳам бор. “Солиқ-ҳамкор”!
2022 йилдан бошлаб иқтисодиётда хуфиёна айланмани қисқартириш, шунингдек, ушбу соҳада таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишни таъминлаш мақсадида солиққа оид ҳуқуқбузарликлардан хабардор қилиш учун “Солиқ-ҳамкор” махсус ахборот тизими ишга тушган.

Сўровномада иштирок этган айрим фуқаролар бу тизимдан хабари бўлса, айримлари “Солиқ-ҳамкор” орқали ҳуқуқбузарликлардан хабар бериш бу чақимчиликка киришини айтди. Лекин Солиқ қўмитаси масъули Улуғбек Саидов бу чақимчилик эмаслиги, аксинча одамларнинг қонунпарварлигини ошириши, ўз ҳуқуқларини талаб қилишга ундашини айтиб ўтди. 

“Солиқ-ҳамкор” махсус ахборот тизими жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жисмоний шахслар томонидан солиқдаги ҳуқуқбузарликлар ҳақида солиқ органларини ҳабардор қилиш мақсадида жорий этилди. Бу тизим асосида бугунги кунга қадар жамоатчилик томонидан доимий хабарлар етиб келмоқда. 

Масалан, 2022 йилда жами 145 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Ўтган йилнинг 3 ойи давомида эса 41 мингдан ортиқ худди шундай мурожаатлар келиб тушди”, деди Солиқ қўмитаси катта инспектори Улуғбек Саидов.

Саидовнинг айтишича, келиб тушган мурожаатлар юзасидан таҳлил қилинганда, 145 мингта шикоятнинг 132 мингтаси савдо хизмат кўрсатиш шохобчаларида харид чекини бермаслик ҳолати билан боғлиқ.

“Шунингдек, 6 мингта ҳолат пластик картага харид қилмаслик, 496 таси пластик картага қиммат сотиш ва 5800 дан ортиғида бошқа ноқонуний тадбиркорлик ҳолатлари ҳақида мурожаат қилинган. 

2023 йил бошидан 3 ой давомида келиб тушган 41 мингдан ортиқ мурожаатларнинг 37 мингтаси чек бермаслик, 1600 дан ортиғи пластик карта орқали савдони амалга оширмаслик, 57 та ҳолатни пластик картага қиммат сотиш ҳамда 1000 дан ортиқ ҳолатни бошқа турдаги ҳуқуқбузарликлар ташкил этади”, деди Саидов.

Энг муҳими мазкур платформа орқали жисмоний шахслар нафақат ҳуқуқбузарликлардан солиқ идораларини хабардор қилиши, балки бунинг учун ҳуқуқбузарлардан ундирилган жариманинг 20 фоизини, 1 млн сўмдан 500 минг сўмгача маблағни мукофот тариқасида олиши мумкин. 

“2022 йилда ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган фуқароларимизга 35 млрддан ортиқ 2023 йилнинг 3 ойи давомида эса 6 млрддан ошиқ тўловлар тўлаб берилган”, дея маълумот берди Солиқ қўмитаси катта инспектори.

Масалан, жисмоний шахс сигаретларнинг ноқонуний савдоси ҳақида хабар топса, даставвал “Солиқ” иловасини юклаб олиши, телефон рақамини киритиб рўйхатдан ўтиши ва иловадан “Солиқ-ҳамкор” бўлимини танлаб, ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар бериши керак.

Ноқонуний савдо бўйича келиб тушаётган мурожаатларнинг асосий қисмини айнан ноқонуний сотилаётган тамаки ва алкоголь маҳсулотлари юзасидан билдирилган мурожаатлар ташкил қилади.

“Ўтган йил давомида тамаки ва алкоголь маҳсулотлари бўйича ўтказилган назорат тадбирларида 45 минг донадан ортиқ тамаки маҳсулотлари ва 39 мингдан ортиқ алкоголь маҳсулотлари ноқонуний тарзда савдога киритилгани учун олиб қўйилган”, деди Улуғбек Саидов.

Дарҳақиқат, “Солиқ-ҳамкор” тизими мамлакатда амалга оширилаётган хуфиёна савдо айланмасига чек қўйиш мақсадида ташкил этилган бўлсада, Ўзбекистонда ҳалигача ноқонуний товар айланмалари катта улушни ташкил қилади. Масалан, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, мамлакат бўйича биргина ноқонуний тамаки маҳсулотлари миқдори 21,7 фоизни ташкил этмоқда.

Бундай ноқонуний, нохуш ҳолатларга деярли ҳар куни, ҳар бир фуқаро дуч келиши мумкин. Шу сабабли на мамлакатга ва на сизга фойда олиб келмайдиган ноқонуний савдога қарши ҳар ким курашиши керак.


Мақола муаллифи

Теглар

Солиқ-ҳамкор чек

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар