“Сохта никоҳлар олди олинади”. “Тараққиёт стратегияси” прописка тизимидаги ўзгаришларга изоҳ берди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ва 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ижроси юзасидан прописка тизимини ислоҳ қилишга доир Ўзбекистон Республикаси қонуни ҳамда Ҳукумат қарори лойиҳаларининг асосий нормалари умумхалқ муҳокамаси учун “Тараққиёт стратегияси” марказининг веб-сайтига жойлаштирилди.

1. “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги Қонунда қўлланилган “прописка қилиш” тушунчаси халқаро тажрибага асосланган ҳолда “рўйхатдан ўтказиш” тушунчасига алмаштирилмоқда.

Асослантириш: “Прописка” сўзи собиқ Иттифоқ тузумида жорий қилинган атама бўлиб, ҳозирги кунда барча давлатлар ушбу атамадан воз кечган. 

Бундан ташқари, ушбу атама фуқаролар онгида “тўсқинлик қилувчи”, “бир жойга боғланган”, “эркинликни чекловчи” “ажратувчи” деган тушунчаларни келтириб чиқармоқда.

2. Фуқароларга биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларини нафақат ўзи доимий рўйхатда бўлган манзилга, балки эгалигида бўлган уй-жой майдонига доимий рўйхатга қўйиш имконияти берилмоқда.

Оила кодексининг 57-моддасига кўра, болалар ота-онасига нисбатан тўғри шажарадаги биринчи, невара бобосига, бувисига нисбатан – иккинчи даражадаги қариндош ҳисобланади ва ҳоказо. 

Асослантириш: Биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларнинг фақатгина доимий рўйхатда бўлган уй-жой майдонига доимий рўйхатга қўйиш фуқароларга қийинчиликлар туғдириб, ортиқча оворагарчиликдан бошқа ҳеч қандай таъсирга эга эмас.

Бунда, бир нечта уй-жойга эгалик қилувчи фуқаро қариндошларини доимий рўйхатдан ўтказишга эришиш учун эгалигида бўлган бошқа уй-жой майдонига рўйхатдан ўтиш орқали муаммони ҳал этиб келган. 

3. Доимий рўйхатга қўйиш учун эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ҳамда бир йил ичида никоҳ бекор қилинган тақдирда доимий пропискани йўқотиши тўғрисидаги қоида олиб ташланмоқда.

Асослантириш: никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни сотиб олишдаги тўсиқлар сабабли “сохта” никоҳларнинг олдини олиш мақсадида киритилган. 

Мазкур тўсиқларнинг олиб ташланиши “сохта” никоҳ тузиш эҳтиёжини йўқотади.

4. Оилага тарбияга олинган (патронат) шахсларга уларнинг тутинган ота-онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниш имконияти яратилмоқда.

Асослантириш: Амалдаги қонунчиликда етим болани тарбиялаш учун оилага қабул қилган (патронат) шахслар етим болаларни ўзи яшаётган уй-жойга доимий рўйхатдан ўтказиши назарда тутилмаган. (2019 йилда Тошкент шаҳрида 236 та, Тошкент вилоятида 14 та бола патронатга олинган)

5. Илгари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий рўйхатга эга бўлган фуқаролар доимий яшаш учун тегишинча қайтиб келганида, улар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига ҳеч қандай тўсиқларсиз қайта доимий рўйхатга олиниши белгиланмоқда. 

Бунда, фуқаронинг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан бошқа жойга рўйхатдан чиқиб кетиш сабаблари инобатга олинмайди. 

Асослантириш: Амалиётда мутахассислар пропискасини йўқотиб қўйиш қўрқуви сабабли Тошкент шаҳридан бошқа вилоятларга доимий меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун боришни рад этиб келмоқда.

Бундан ташқари, фуқаро қайта доимий рўйхатга эга бўлиш учун ҳақиқатда бошқа жойда ўқиганлиги ёки давлат йўлланмаси билан ишлаганлигини исботловчи ҳужжатларни тақдим этиши лозим.

6. Қуйидаги фуқаролар учун лавозимни эгаллаб туриш даврига бериладиган доимий рўйхатга олиниш ҳуқуқига чеклов бекор қилинмоқда:

•    Олий Мажлис палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси томонидан ёхуд Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда лавозимларга сайланган, тайинланган, тасдиқланган фуқаролар (уларнинг оила аъзолари);

•    қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига сайланган фуқаролар (уларнинг оила аъзолари);

•    давлат органларига, хўжалик бошқаруви органларига, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотларига раҳбарнинг илтимосномаси билан ишга таклиф этилаётган юқори малакали мутахассислар (уларнинг оила аъзолари).

Асослантириш: бугунги кунда тегишли лавозимларга сайланган, тайинланган, тасдиқланган фуқароларга ҳамда республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотларига ишга таклиф этилаётган юқори малакали мутахассисларнинг яшаш бўйича доимий рўйхатга олиниши уларнинг лавозимни эгаллаб туриш муддати билан боғланган. Хусусан, лавозимдан кетиш яшаш жойи бўйича доимий рўйхатни бекор қилишга олиб келади.

Илгари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий рўйхатга эга бўлган ҳамда бошқа вилоятларга кўчиб кетган фуқароларга Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига қайтганда ҳеч қандай тўсиқсиз доимий рўйхатга олиниш ҳуқуқи берилиши муносабати билан ушбу чеклов ўз маъносини йўқотмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 07.10.2016 йилдаги 336-сон қарори билан Раҳбарлари ходимларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тўғрисида илтимоснома киритиши мумкин бўлган идоралар рўйхати тасдиқланган бўлиб, унда 96 та ташкилот назарда тутилган.

7. Республиканинг бошқа ҳудудларида доимий пропискага эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги янги қурилган уйларда кўчмас мулк олди-сотди шартномаларини расмийлаштириш учун давлат божининг алоҳида ставкаси (шартномадаги нархнинг 5 фоиз) бекор қилинмоқда.

Асослантириш: алоҳида тоифадаги шахслар томонидан кўчмас мулк сотиб олинганда алоҳида бож тўловининг белгиланиши фуқароларни мулк олиш бўйича табақалаштириш ҳисобланади.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 02.03.2020 йилдаги ПФ–5953-сон Фармонида мазкур тўсиқни бекор қилиш назарда тутилган.

8. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий рўйхатдан ўтишида Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган истисноларни инобатга олган ҳолда Уй-жой кодексининг бир киши учун турар-жой майдонининг ижтимоий нормаси тўғрисидаги қоидаларига риоя этилиши шартлиги кўзда тутилмоқда.

Уй-жой кодексининг 42-моддасига мувофиқ муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидан турар жойлар фуқароларга уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига мувофиқ берилади.

Уй-жой майдонининг ижтимоий нормаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан 1 киши ҳисобига 16 кв. м.дан кам бўлмаган умумий майдон ҳажмида, кресло-аравачада ҳаракатланадиган ногиронлар учун эса - 23 кв. м.дан кам бўлмаган ҳажмда белгиланади.

Асослантириш: Қуйидаги фуқароларга нисбатан ижтимоий норма қўлланилмаслиги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида белгиланмоқда:

а) бир-бирининг доимий рўйхатга олинган уй-жой майдонига:

•    эр-хотин;

•    ота-оналар, фарзандлар;

•    бобо-буви, неваралар;

•    Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида доимий рўйхатга олинган туғишган ака-укалар, опа-сингиллар;

б) олдинги истиқомат жойига, ўз оила аъзоларининг, қариндошларининг уй-жой майдонига:

•    озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахслар;

•    муддатли ҳарбий хизмат тугагандан сўнг, Қуролли Кучлар резервига бўшатилган ҳарбий хизматчилар;

•    илгари мазкур аҳоли пунктида яшаган, меҳнат шартномаси билан ишлаш учун вақтинча бошқа жойга кетган шахслар, шунингдек, амалдаги қонунчиликка мувофиқ вақтинча бошқа жойга кетганда, 

•    уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қоладиган фуқаролар;

в) васий (ҳомий), тутинган ота ёки она доимий рўйхатга олинган уй-жой майдонига – васийликдаги (ҳомийликдаги) ҳамда оилага тарбияга олинган (патронат) шахслар;

г) акаси, укаси, опаси, синглисининг рўйхатга олинган уй-жой майдонига –

•    балоғатга етмаган, ота-онаси бўлмаган туғишган ака-укалар,  

•    опа-сингиллар, шунингдек, меҳнатга лаёқатсиз туғишган ака-укалар, 

•    опа-сингиллар, агар уларнинг ўз оилалари бўлмаса, ёшидан қатъи назар.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

87

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг