Сочнинг эрта оқаришига сабаб нима?
Саломатлик
−
12 Декабрь 2020
26463Организмимиздаги кексаяётганимизни кўрсатувчи ўзгаришлар бизни доим ранжитади. Айниқса, кўзгуга боққанимизда сочимиздаги оқни, юзимиздаги ажинни кўриш ташвишга қўяди. Аммо баъзан бу белгилар ёшимиз улғайишидан эмас, танамизда қандайдир хасталик борлигини билдиради.
Шундай аломатлардан бири сочнинг эрта оқара бошлаши. Хўш, сочларнинг эрта оқаришига сабаб нима, уни даволаса бўладими? Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий амалий тиббиёт маркази директор ўринбосари, тиббиёт фанлари номзоди Аваз Иноятов ССВ Матбуот хизматининг шу хусусдаги саволларига жавоб берди.
— Сочларнинг оқариши қандай юз беради?
— Сочларнинг рангига махсус меланоцит ҳужайраларида ишлаб чиқариладиган меланин пигментлари жавоб беради. Бу ҳужайралар соч илдизида жойлашган бўлади. Ёш улғайган сайин пигмент ҳосил қилувчи ҳужайраларнинг функцияси сустлашади ва меланин моддасини ишлаб чиқариш тўхтайди. Ушбу табиий жараён бошланадиган вақт ҳар кишида генетик тарзда белгиланган.
Маълум бўлишича, европоид ирқига мансуб кишиларда соч оқариши тахминан 34 ёшда, осиёликларда – 30-34 ёшда пайдо бўлар экан.
Бизда эса, бу ҳолат кўпинча 35 ёшларга тўғри келади. Афсуски, оқарган сочларни яна қорайтиришнинг иложи йўқ. Аммо оқ сочларни яшириш учун кўпчилик турли соч бўёқларидан фойдаланади. Сочларнинг оқариши вақтидан илгари ҳам содир бўлиши мумкин.
Масалан, баъзида 19-20, 20-25 ёшли инсонларнинг ҳам сочларига оқ оралаши мумкин. Бу эса, қариликдан эмас, инсоннинг саломатлигида муаммо борлигини кўрсатади. Айрим ҳолларда эса, витаминлар етишмовчилиги, сочни сифатсиз ювиш воситаларидан фойдаланилиши ҳам сочлар оқаришига сабаб бўлиши мумкин.
— Сочларнинг эрта оқаришига сабаб нима?
— Энг аввало, бу наслий юз беради. Ё бўлмаса, организм учун зарур бўлган баъзи керакли моддаларнинг етишмовчилиги ёки кишининг жисмоний руҳий ҳолати ҳам хасталикка сабаб бўлиши мумкин.
Масалан, организмда оқсил моддаси, аниқроғи тирозин моддаси етишмовчилиги сочларнинг оқаришига сабаб бўлади. Шунингдек, В гуруҳи витаминлари, рух (цинк) ва мис (медь) организмда етарли даражада бўлмаслиги ҳам бу муаммони юзага келтиради.
Айрим салбий одатлар ва айрим маҳсулотларни керагидан ортиқча истеъмол қилиш сочларнинг рангига таъсир ўтказади. Хусусан, чекиш, туз ва қахва истеъмол қилиш ҳам сочларнинг эрта оқаришига сабаб бўлади.
Бундан ташқари инсон руҳиятидаги ўзгаришлар ҳам унинг сочларини оқаришига сабаб бўлади. Кучли асабийлашиш ва стресс меланин моддасининг ишлаб чиқарилишининг тўхташи, соч ўзагидаги оқсилда ушланиб қолиши ва модда таркибининг ўзгариши оқибатида соч қисқа фурсатда оқариб кетиши мумкин.
Тарихда жуда қисқа вақт ичида одамларнинг сочлари кучли асабий ҳолат туфайли оқариб кетган ҳолатлар ҳам учраб туради. Масалан, Франция қироличаси Мария Антуанеттанинг сочлари қатл жазосидан олдин бир кечада оқариб кетган.
Бу ҳодисани организм меланин ва оқсил моддасини бирлаштирувчи кимёвий реакцияни бузадиган моддаларни ишлаб чиқара бошлаши билан изоҳлаш мумкин.
Камқонлик касаллиги, қалқонсимон без функциясининг бузилиши, қандли диабет билан хасталанганда, юрак қон билан етарли даражада таъминланмаганида, жинсий функциялар бузилганида, организмдаги кислоталилик даражаси баланд бўлганида ҳам бу ҳолат юзага келади.
Сабабини аниқламасдан туриб касалликни даволаб бўлмайди. Уни аниқлаш учун сизга шифокор ёрдам беради. Албатта, сочларингиз эрта кумушранг ҳосил қила бошласа, дарҳол шифокорга мурожаат қилишингиз тавсия этилади.
LiveБарчаси