Собира. Қатағонга учраб, руҳий касаликка чалинган биринчи ўзбек аёл журналисти машъум ҳаёти
Бу қизиқ
−
19 Февраль 2022
194811937 йилнинг қоронғи тунларининг бири. Туркистонда минглаб инсонларнинг бошлари кесилиб, одамлар қўрқувдан дағ-дағ титраётган вақт. Маҳалла бошида қора автомобиль кўринди. Халқ уни “Ўлим машинаси” деб атар эди.
1937-1938 йилларда бу “Ўлим машинаси” миллатимизнинг минглаб ақл эгаларини олиб кетган. Уларнинг кўпи қоронғи қамоқхоналарда минг хил қийноқларга солиниб, судсиз, сўроқсиз отиб ташланди. Айримлари эса энг совуқ ерларга сургун қилинди. Энг ачинарлиси, мана шу бадном этилганлар орасида нозик хилқат вакиллари ҳам бор эди. Бугун мана шундай тақдир соҳибаси, биринчи ўзбек журналист аёли Собира Холдорованинг бахтсиз қисмати ҳақида сўз юритамиз.
Бахтсиз болалик
Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Баҳром Ирзаевнинг маълумот берича, Собира Холдорова 1907 йилда, ҳунармандлар макони бўлмиш Наманганнинг Чуст шаҳрида, камбағал деҳқон оиласида дунёга келган. 1911 йилда унинг отаси кутилмаганда вафот этади. Собира ўшанда эндигина беш баҳорни кўрган эди. Шундан сўнг, у онаси Комила ая билан тоғасининг уйига кўчиб ўтишга мажбур бўлади.
1918 йил Туркистонда бошланган талатўпларда Собиранинг тоғаси ҳалок бўлди. Собира ва онаси яна кўчларини йиғиштириб, Қўқондаги узоқ қариндошникига йўл олади. Қўқонда ёш Собирани ўзидан анча катта бўлган кишига турмушга беришди. Бироқ, у бу никоҳни тан олмади. Шунда, Собиранинг эри уни оч қолдириб, молхонага қамаб қўйди. Бир мунча вақт тутқунликда қолган Собира, бир иложини қилиб бўлса ҳам қочиш йўлини излади. Ниҳоят, у молхона тирқишидан чиқиб, қочиб кетди.
Журналистлик фаолият
Собира золимнинг қўлидан қочиб, кўчада йиғлаб кетаётганида уни милиция ходимлари ушлаб олади. Улар Собирани Қўқондаги 5-сонли интернат мактабига топширади. Қизидан хавотир олган Комила ая, уни қидиришга чиқади. Тез орада, она ўз қизини топади ва ўша интернат мактабига ишга киради.
Собира Холдорова интернат мактабида ўқиб, илм олди. У ўқишни давом эттириш мақсадида, 1923 йил Тошкентга келди. Бу ерда икки йил давомида аёллар маъориф институтида таҳсил олди. Ўқир экан, у “Янги йўл” газетасига ишга кирди. 1925 йилда бу газета журналга айлантирилди. Собира “Янги йўл” журналининг биринчи муҳарририга айланди. У 1925 йилнинг июль ойида энг нуфузли “Қизил Ўзбекистон” газетасида бўлим мудири лавозимини эгаллади.
1926-1929 йилларда Собира Холдорова Москвадаги журналистика институтида таҳсил олди. У Москвада бўлган вақтда Саид Аҳмад Назиров билан оила қуради. Бир йил ўтиб, уларнинг ўғли Муроджон дунёга келади.
1929 йил августда ойида Собира Холдорова Ўрта Осиё Республикалари маҳаллий миллатлари аёлларидан чиққан биринчи журналист сифатида дипломни қўлга киритади. Бироқ, бу хурсандчилик унга татимади. Ўша йили унинг турмуш ўртоғи Саид Аҳмад Назиров Мунаввар қори иши бўйича қўлга олинди. Узоқ тергов жараёнидан сўнг, у отиб ташланди. Собира қўлида ёш ўғли кўтарганча кўзида ёш билан Ватанга қайтди.
Ўзбекистонга қайтган Собира Холдорова иш излайди. 1930 йилнинг февраль ойида Самарқандга бориб, “Ишчи” газетасида муҳаррир ўринбосари лавозимида иш бошлайди. 1931 йилда Ўзбекистон ССР пойтахти Самарқанддан Тошкентга кўчирилади. Собира ҳам Тошкентга кетади. У дастлаб, Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитасининг нашр ходими бўлиб ишлади. 1932 йилда Собира ўзининг тиришқоқлиги ва билими билан Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитасида иккинчи котиб ёрдамчиси лавозимига кўтарилади. У Мўмин Усмонов билан Сталиннинг “Лелинизм” китобини ўзбек тилига таржима қилади. Тақдир тақозоси билан Собира Мўмин Усмонов билан оила қуради.
Собира Холдоровани яхши таниган Жаҳон Обидова у ҳақда шундай ёзади:
“Бир гал Акмал Икромовнинг қайси мавзуда маъруза қилиши ҳақида баҳслашиб қолдик ва ўша вақтдаги долзарб вазифалардан келиб чиқиб, ўз таклифларимизни айтдик. Аммо Акмал Икромов Собира айтган мавзуда нутқ тайёрлаганини айтди. Ҳа, Собира сиёсатни ниҳоятда чуқур англар ва жуда илғор фикрли инсонлардан эди”.
Қамоқ
Собира Холдорова 1934 йилдан 1936 йилгача Тошкент шаҳар Ленин туман партия қўмитасида котиби лавозимида ишлади. Ёш журналист аёлнинг ҳаётида ҳаммаси кўнгилдагидек кетаётган эди. Бироқ, Собиранинг бошига яна қора булутлар ёғилди. Дастлаб, 1937 йилнинг август ойида унинг эри Мўмин Усмонов қамоққа олинди. Шундан сўнг, Собира Холдорова ёлғон айбловлар билан партиядан ҳайдалди.
1937 йил 20 сентябрь куни Ўзбекистон ССР Ички ишлар халқ комиссарлиги Собира Холдоровани қамоққа олиш тўғрисидаги қарорни тасдиқлайди. 22 сентябрь куни олинган ордер асосида Тошкент шаҳар Фрунзе кўчасида жойлашган Собиранинг уйи тинтув қилинади. Тинтув жараёнида Собира Холдорова “Халқ душмани” сифатида қўлга олиниб, уйдаги барча нарса ташқарига улоқтирилади. Ўша вақтда, унинг 12 ёшли Пўлатжон ва 5 ёшли Манзура исмли фарзанди бор эди. Улар меҳрибонлик уйига топширилади.
Сургун
Қўлга олинган Собира бир неча кун қоронғи қамоқда сақланади. Шундан сўнг, у тергов қилинади. Собира Холдорова ўзига қўйилган айбларни рад этади. Бундан ташқари, у ўз турмуш ўртоғи Мўмин Усмоновни, Акмал Икромов ва Давлат Ризаевнинг ҳеч қандай айби йўқ эканлигини терговчиларга айтади. Бу гаплар терговчиларнинг жиғига тегади. Ғазабланган терговчи, уни бир неча кун уйқусиз, овқатсиз, сувсиз тик туришга мажбур қилади. Тергов жараёнида Собира тинимсиз калтакланади. Бунинг оқибатида, у ақлини йўқотди.
Зуҳра Турсунхўжаева ўзининг хотира дафтарида, Собира Холдорованинг терговдан кейинги ҳолати бўйича шундай ёзади:
“Бир неча кун йўқ бўлиб қолган Собирани, ярим ўлик ҳолатда камерага судраб олиб келишди. Мен уни яхши таниганим учун унинг олдига бордим. Собиранинг кўкрак қисмидан, то томоғигача қорайиб кетган эди. У хушсиз ухлаб ётганди. Биз уни уйғонишини кутдик. Собира икки суткадан ортиқ вақт давомида беҳуш ётди. Уйғонгач, бизга тескари қараб, гоҳ кулиб, гоҳ йиғлар эди. Шунда билдикки, Собира ақлини йўқотган”.
Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Баҳром Ирзаевнинг маълумот берича, ақлини йўқотган Собира Холдорова ўзига қўйилган айбловни тан олади ва оқ қоғозга қўл қўйиб беради. 1939 йил 29 март куни Собира Холдорованинг айблов баённомаси тасдиқланиб, у Ўзбекистон ССР Жиноят кодексининг 63 ва 67-моддалари билан айбдор деб топилади. 1940 йил 5 декабрь куни Собира Холдорованинг иши машҳур “Учлик” (1937 йилда Совет Иттифоқи Ички ишлар вазирлининг республика ва вилоят бўлимлари ҳузурида “антисовет унсурларини” репрессия қилиш бўйича тузилган қатағон органи) томонидан кўриб чиқилади. У 10 йил муддатга, энг чекка Ёқустондаги меҳнат тузатиш лагерига сургун қилинади.
Оқланиш
1942 йилда Собира Холдорова ақлини йўқотгани туфайли сургундан қайтиб келди. У тинимсиз Совет Иттифоқи Коммунистик партиясининг биринчи котиби Никита Сергеевич Хрушёв номига ариза ёзиб, ўзига қилинган зулм ва ҳақсизлик ҳақида шикоят қилди. Собира Холдорова ёзган хатлар бесамар кетмади. 1956 йил 22 июнь куни Собиранинг иши Туркистон ҳарбий округи ҳарбий трибунали томонидан қайта кўриб чиқилди ва у оқланди. Ўша йилнинг ноябрь ойида Собира Холдоровага ўзининг ва турмуш ўртоғининг оқлангани ҳақида мактуб келади. Бироқ, бу пайтда у терговда орттириб олган оғир касали билан курашаётган эди.
Маълумотларга кўра, Собира Холдорованинг катта фарзанди Пўлатжон иккинчи жаҳон урушида қатнашиб, жароҳат олиб, ортга қайтган. У ватанга қайтгач, оила қуриб Темур, Саида ва Комил исмли учта фарзандни вояга етказган. Собиранинг кичик фарзанди Манзура эса ядро физика бўйича таҳсил олиб, физика-математика фанлари доктори бўлиб етишган.
Собира Холдорованинг бошида ҳаётнинг аёвсиз калтаклари синди. Унинг гуллаган ёшлик даври ҳазон қилинди. Шундай бўлсада, Собира ортга чекинмади. Ўзига қўйилган айбловлар аслида туҳмат ва бўҳтон бўлганини исботлади. Маълумотларга кўра, Собира Холдорова 1984 йилда вафот эган.
LiveБарчаси