Собиқ сенатор Президент қотиллигида гумонланиб, ҳибсга олинди

Олам

image

Ямайка ҳукумати 2021 июль ойида амалга оширилган Гаити Президенти Жовенел Моисенинг суиқасдида асосий гумондор бўлган собиқ гаитилик сенаторни ҳибсга олди. Бу ҳақда Ямайка миллий полицияси хабар қилган.

Ямайка Констабуляр кучлари матбуот котиби Деннис Брукснинг “Reuters” ахборот агентлигига маълум қилишича, ҳукумат томонидан Гаити Президненти Жовенел Моисенинг ўлдирилишида гумонланувчи сифатида кўрсатилган таниқли гаитилик сиёсатчи Жон Жоел Жозеф 14 январь куни махсус кучлар томонидан ҳибсга олинган.

Маълум қилинишича, Президентга уюштирлган суиқасдда айбдорни аниқлашга халқаро қидирув ташкилотлари ҳам жалб қилинган. Сенатор қотилликни тергов қилаётган АҚШ Федерал қидирув бюроси (FBI) талабига биноан қўлга олинган бўлиши мумкин.

Ямайка полицияси бошлиғи Стефани Линдси “Associated Press” ахборот агентлигига Жозеф билан бирга яна бир қанча одамлар ҳам ҳибсга олингани ва ҳозирда уларнинг гумондорга қандай алоқаси бор эканлигини аниқлаш ишлари олиб борилаётганини маълум қилган.

Ямайка полицияси ҳозирча гумондорларнинг ҳибсга олинганидан бошқа далилларни маълум қилмаяпти.

“Бази сабабларга кўра, биз ортиқча маълумотларни ошкор қила олмаймиз”, деган полиция бошлиғи Линдси журналистларга.

Собиқ сенаторнинг ҳибсга олинишини Гаити расмийлари тўғри қарор, дея баҳолашмоқда.

Президент ўлимидан сўнг қисқа муддатга Бош вазир сифатида фаолият юритган Гаити собиқ Ташқи ишлар вазири Клод Жозе сенатор қамоққа олинганидан сўнг Twitter’да қуйидагича пост қолдирган:

“Жон Жоел Жозефнинг ҳибсга олиниши суиқасдга бевосита ёки билвосита алоқадор бўлганлар ҳеч қаерга яширина олмаслигини исботлайди”.

Жозеф Президент қотиллигида гумонланиб, ҳибсга олинган иккинчи “нишон” ҳисобланади. Ундан олдин Ямайка полицияси собиқ колумбиялик ҳарбий Марио Антонио Паласиосни ҳам қамоққа олган эди.

У яқинда АҚШга экстрадиция қилинган. Ҳозирда у АҚШдан ташқарида қотиллик ёки одам ўғирлаш учун тил бириктириш ва қотиллик учун моддий ёрдам кўрсатиш каби айбловлар билан навбатдаги суд муҳокамасини кутмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 7 июль куни автоматлар билан қуролланган қотиллар Гаити Президенти Моисенинг Порт-о-Пренс тепалигидаги шахсий қароргоҳига бостириб кириб, уни отиб ўлдиришган эди.

Бу эса ўз навбатида Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзасидаги бир қанча мамлакат расмийларини хавотирга солиб, қотиллик юзасидан катта қидирув ва тергов ишлари бошланиб кетишига сабаб бўлган.

Беҳруз Саидов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

60

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг