Собиқ Президентнинг қизи, дунёнинг энг бой аёли санкциялар гирдобида

Олам 10075
image

Америка Қўшма Штатлари Африканинг энг бой аёли, 2021 йилнинг январигача “Forbes”нинг миллиардерлари рўйхатида бўлган Изабель дос Сантосга нисбатан санкциялар жорий қилди. Бу ҳақда “Forbes ” нашри хабар бермоқда

Қайд этилишича, Анголанинг собиқ Президенти Хосе Эдуардо дос Сантоснинг қизи, Ангола давлат корхонасининг собиқ раиси Изабель дос Сантос давлат пулларини талон-тарож қилиш орқали бойиган, аммо отаси истеъфога чиққандан сўнг, унга қарши мамлакатда тергов бошланган. 

Мамлакат тепасига келган янги Президент Жуан Лоренсу орадан икки ой ўтиб, Изабелни давлатга қарашли “Sonangol” нефть компанияси раҳбари лавозимидан озод этган. Икки йилдан сўнг, яъни 2019 йилда эса Ангола суди дос Сантос ва унинг турмуш ўртоғига тегишли бўлган мамлакатдаги активларини, жумладан, “Unitel” мобил алоқа фирмаси ва бир қанча банклардаги улушларини музлатиб қўйган.  

Суд қарорида айтилишича, дос Сантос ва Доколога тегишли бўлган Exem Energy BV компанияси “Sonangol” нефть компаниясидан камида 75 миллион доллар қарз бўлган. Аммо бу қарзларни қайтармаган. Шунингдек, суд эр-хотин ва уларнинг бизнес ҳамкорларидан бири Ангола ҳукуматининг 1,1 миллиард доллар маблағ йўқотишига сабаб бўлганини даъво қилган. 

2020 йил январь ойида эса Ангола Бош прокурори дос Сантос ва Доколони  давлат маблағларини ўзлаштиришда айблаган. Ўшанда Дос Сантос ўзига қўйилган айбловлар ўта нотўғри ва ҳақиқатга тўғри келмаслигини, у ҳар доим қонун доирасида иш олиб броган хусусий тадбиркор аёл бўлгани ҳақида баёнот берган. 

Аммо Халқаро тадқиқотчи журналистлар консорсиуми (ICIJ) ҳамда 36 оммавий ахборот воситалари ҳамкорликда 715 000 дан ортиқ махфий молиявий ҳужжатларни тўплаган ва уларни “Luanda Leaks” деб номлаган. “Forbes” нашри “Luanda Leaks”ни ўрганиб чиқиб, “дос Сантос Ангола компанияларидаги улушларини коррупция билан қўлга киритган” деган хулосага келган. 

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг баёнотида айтилишича, Ангола давлат корхонасининг собиқ раисига қарши санкциялар унинг шахсий мақсадларда давлат маблағларини ўғирлаш йўли билан йирик коррупцияга алоқадорлиги учун жорий этилган. 

Шунингдек, Блинкен санкциялар “Магнитский қонуни” доирасида киритилаётганини таъкидлаган. Санкция рўйхатига киритилган шахслар ва уларнинг яқин қариндошларининг АҚШга кириши тақиқланган.

Блинкен бир вақтнинг ўзида Колумбия, Гватемала, Никарагуа, Сальвадор, Либерия, Ангола ва Украинанинг ҳам бир неча фуқаросига нисбатан санкциялар қўлланилишини эълон қилди. Украиналик Александр Тупицкий жиддий коррупция ҳаракатлари, жумладан Украина суд тизимида хизмат қилаётган вақтида пора олгани учун рўйхатга киритилган. Бироқ Тупицкий Украинанинг Конституциявий суди сайтида ҳали ҳам раис сифатида рўйхатда турибди.

Маълумот учун, Изабель дос Сантос 1973 йилда Бакуда Жозе Эдуарду дос Сантос оиласида туғилган. 2013 йилда “Forbes” Изабель дос Сантосни Африканинг энг бой аёли деб топган, ўшанда унинг бойлиги 3,5 миллиард долларни ташкил қилган. ICIJ маълумотларига кўра, дос Сантос ва унинг турмуш ўртоғининг бизнес империяси 400 дан ортиқ компанияларни ўз ичига олган. Ўша компаниялар Ангола ҳукумати орқали миллиардлаб доллар шартномаларни қўлга киритган.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 252
Рейтинг: 3
t
×