Собиқ “Абу-Саҳий” бозорида нега машмаша чиқди?

Жамият 10087
image

Ижтимоий тармоқларда “Tashkent Trade Center” хусусий корхонасига қарашли пойтахтнинг йирик савдо марказиларидан бири — собиқ “Абу-Саҳий” бозоридаги мато сотишга мўлжалланган 1-блокидаги дўкон эгалари ва ижарачиларнинг маъмурият олдига оммавий тўпланиб, норозилик билдиришлари акс этган видео тарқалди.

“Tashkent Trade Center” маъмурияти масалага ойдинлик киритди. 

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси ФВВ ЁХББ Тошкент шаҳар Ёнғин хавфсизлиги Бошқармаси томонидан 1-блок ҳудудида жойлашган савдо дўконларининг ёнғинга қарши ҳолати ўрганилади ва ёнғин содир бўлишига сабаб бўлувчи бир қанча камчиликлар аниқланади. Бунга кўра, мазкур ҳолатнинг олдини олиш мақсадида, 1-блок ҳудудида реконструкция ишларини амалга ошириш зарурияти тўғрисида “Tashkent Trade Center” ХКга хулоса тақдим этилади.

Жумладан, корхонада доимий фаолият олиб борувчи “Ёнғин хавфсизлиги бўлими” томонидан ҳам 1996-1997 йилларда, 700 га яқин темир контейнерлардан 14-15 м2 ҳажмдаги барпо этилган 1-блок ҳудудидаги савдо дўконларини мунтазам ўрганиши мобайнида юқоридаги камчиликлар ўз тасдиғини топган. Ушбу муаммоларни бартараф этиши юзасидан тегишли чоралар кўриш режаси доирасида 1-блокдаги дўконларни ўрнига янги, замон талабларига тўлиқ жавоб берадиган савдо мажмуасини ташкил этиб, реконструкция ишларидан сўнг, мулкдорларга қайта топшириш режалаштирилган эди.

Шундан сўнг, корхона маъмуриятининг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ҳамда бозор ҳудудини замонавий кўринишга олиб келишга қаратилган режаси амалга ошгунга қадар 1-блокдаги “контейнер дўконлар”нинг иш фаолиятини вақтинча тўхтатиб, уларни қайта реконструкция қилиш масалаларини кўриб чиқаётгани ва тегишли таклифлар ўрганилаётганлиги ҳақида мулкдорлар огоҳлантирилди.

2019 йилнинг декабрь ойига келиб, “Tashkent Trade Center” хусусий корхонаси замон талабларига тўлиқ жавоб берадиган 700 та савдо дўконини (омборхонали) ўз ичига олган савдо мажмуасининг қурилишини якунлади. 

“1-блокда реконструкция ишлари якунлангандан сўнг, мулкдорларга ўринга-ўрин ўз омборига эга савдо дўконларини тақдим этиш хам кўзда тутилган эди”, дейилади корхона томонидан берилган маълумотда.

“Мато бозори”нинг мулкдорлари ҳамда ижарачилари эса, бу таклифга кўнмади. Тадбиркорлар бозор маъмуриятига дўконларни босқичма-босқич қуришни, аввал 10 та дўконни қуриб, кейин қолганларига ўтишни ҳам таклиф қилишди. Лекин бозор маъмурияти шуни расман маълум қиладики, янги савдо мажмуасини қисман ёки бўлиб-бўлиб қуриб бўлмайди. Сабаби, бир қурилиш биноси ягона тизим ва аниқ режага таянган смета асосида амалга оширилади.

“Бундан ташқари, 1-блок савдогарлари томонидан, янги барпо этилган савдо мажмуасининг 1-қаватидан вақтинча дўконлар ажратиб берилиши таклифи хам илгари сурилди. Бунга жавобан маълум қиламизки, корхонамиз томонидан 1-қаватдаги дўконларни 1-блок ҳудудидаги савдо дўконлари ҳисобидан келиб чиққан ҳолда, тақсимлаш имкониятига эга эмас. Шу билан бирга, 1-блок ҳудудини қайта қуриб битказиш ишлари режалаштирилиши жараёнида, янги барпо этилган савдо мажмуасининг пастки қаватидан айнан 1-блок мулкдорлари фойдаланиб туришлари учун 18-20 м2 ҳажмдаги дўконлар қурилди. 1-блок ҳудудини вақтинча кўчириш ишларида сиғим юзасидан муаммо келиб чиқмаслиги учун мазкур дўконларни корхона томонидан сотиш ёки ижарага бериш ишлари умуман амалга оширилмади”, деб маълумот бермоқда корхона маъмурияти.

Сарвар Анвар ўғли
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 136
Рейтинг: 3
t
×