Скандинавиянинг 4 давлати етакчилари Финляндияда йиғилди. Зеленский ҳам ҳозир Хелсинкида
Олам
−
03 Май 2023
7309Бугун, 3 май куни Украина Президенти Владимир Зеленский Финляндиянинг пойтахти Хелсинкига бир кунлик Шимолий давлатлар саммити учун келди. Бу ҳақда Финляндия Президенти Матбуот хизмати хабар берди.
Зеленский Финляндия Президенти Саули Ниинистё қароргоҳида бўлиб ўтадиган йиғилишда тўртта шимолий мамлакат Бош вазирлари билан учрашиши кутилмоқда. Скандинавия давлатлари Украинани қўллаб-қувватлаш масаласини муҳокама қилади.
“Саммит мавзуси — Россиянинг Украинага қарши босқинчилик уруши, Скандинавия давлатларининг Украинани қўллаб-қувватлашда давом этиши, Украинанинг Европа Иттифоқи ва НАТО билан муносабатлари ҳамда Украинанинг адолатли тинчлик ташаббуси”, дея маълум қилган Ниинисто идораси.
Швеция Бош вазири Улф Кристерссон, Норвегия Бош вазири Жонас Гаҳр Сторе, Дания Бош вазири Метте Фредериксен, Исландия Бош вазири Катрин Якобсдоттир ва Финляндия Президенти Саули Ниинистё Хелсинкида бўлиб ўтадиган учрашув учун йиғилган.
Хелсинкига кутилмаган сафаридан ташқари, немис оммавий ахборот воситалари Президент Владимир Зеленский келаси ҳафта Берлинга бориши ҳақида хабар бермоқда.
Эслатиб ўтамиз, бугунги учрашувга мезбонлик қилаётган Финляндия яқинда НАТОга қўшилган эди. Финляндия жорий йилнинг 4 апрелида НАТОга 31-аъзоси сифатида қабул қилинган. Кейинчалик Финляндия Россия билан чегарасидаги деворнинг 75 километрлик қисмини қуришни бошлади.
LiveБарчаси