Сирли Плутон: сайёра ҳозир қаерда?
Бу қизиқ
−
18 Апрель 9573 3 дақиқа
Плутон 2006 йилда сайёра мақомини йўқотганидан бери инсоният Қуёш тизимида саккизта сайёрадан иборат “маҳаллада” яшамоқда. Бироқ айрим олимлар ҳали ҳам сирли тўққизинчи сайёра мавжудлигига ишонади. Илм-фан энди эса жуда кучли янги телескоп ёрдамида уни топиш арафасида турибди.
Чили шимолидаги тоғ тепасига қурилган Вера Рубин расадхонаси 2025 йил июнь ойида иш бошлади. Унинг асосий мақсади – коинотни кузатиш усулини тубдан ўзгартириш. Бу расадхона нафақат узоқ галактикаларни, балки Қуёш тизимининг тузилишини ҳам яхшироқ тушунишга ёрдам бериши кутилмоқда.
.png)
Тўққизинчи сайёра мавжудлиги ҳақидаги фикр 2016 йилдан бери олимлар орасида катта баҳс ва қизиқиш уйғотиб келади. Ўша йили АҚШдаги Калифорния технология институтидан астрономлар Константин Батигин ва Майкл Браун Қуёш тизимининг ташқи қисмида Ерга қараганда тахминан 10 баробар катта сайёра бўлиши мумкинлигини илгари сурган.
Олимлар Нептундан ташқаридаги Куипер камари (Қуёш тизимининг ташқи музли ҳалқаси)да жойлашган музли жисмлар – транс-Нептун объектлар (ТНО) ҳаракатларини кузатиб, уларнинг йўллари ғайриоддий эканини аниқлаган. Уларнинг орбитаси эгилган ва чўзилган бўлиб, бу фақат катта массали номаълум сайёра тортиш кучи билан тушунтирилиши мумкин деган фикрни кучайтирди.
“Агар Тўққизинчи сайёра бўлмаса, биз фазодаги кўплаб ғалати ҳодисаларни тушунтира олмаймиз”, дейди Майкл Браун.
Плутоннинг “туширилиши” ва янги топилмалар
Плутон 1930 йилда кашф этилгандан бери энг кичик сайёра сифатида танилган эди. Аммо 2005 йилда Браун ва ҳамкасблари Плутонга ўхшаш, ҳатто ундан ҳам катта Эрис объектини топган. Бу эса 2006 йилда Халқаро астрономия иттифоқи Плутонни “митти сайёра” деб қайта таснифлашига сабаб бўлган.
Нега тўққизинчи сайёрани кўриш қийин?
Тўққизинчи сайёра ҳозирча ҳеч ким томонидан бевосита кузатилмаган. Бунинг бир неча сабаблари бор:
- У жуда узоқда жойлашган;
- жуда кам ёруғлик таратади;
- орбитаси жуда чўзилган ва эгилган бўлиши мумкин.
Олимларнинг тахминига кўра, у Қуёшдан Нептунга қараганда 20 баробар узоқроқда бўлиши мумкин. Бу эса унинг бир марта Қуёш атрофини айланиши 20 минг йилгача чўзилишини англатади.
Вера Рубин расадхонаси бутун жанубий осмонни бир неча кечада бир марта сканер қилади. У жуда катта рақамли камера билан жиҳозланган бўлиб, 10 йил ичида миллиардлаб объектларни, жумладан 40 мингдан ортиқ янги ТНО’ларни топиши мумкин.
“Агар тўққизинчи сайёра мавжуд бўлса, Рубин расадхонаси уни топади”, дейди олимлардан бири.
Нептун мисоли: тарих такрорланадими?
Олдин ҳам шунга ўхшаш ҳолат бўлган. Уран орбитасидаги ғалати ўзгаришлар натижасида олимлар Нептун мавжудлигини башорат қилган ва 1846 йилда у кашф қилинган. Шу сабабли баъзи олимлар тўққизинчи сайёра ҳам худди шундай тарзда кашф этилиши мумкин деб ҳисоблайди. Бироқ ҳамма олимлар ҳам бу назарияга қўшилмайди. Баъзилар кузатув маълумотларида хатолик бор, дейди. Шунингдек, яна бир назарияга кўра, миллиард йиллар олдин Қуёш тизими ёнидан ўтган юлдузларнинг гравитацион таъсири Куипер камаридаги жисмларнинг орбиталарини ўзгартирган бўлиши мумкин.
Хулоса: сайёра борми ёки йўқ?
Баъзи олимлар тўққизинчи сайёра эҳтимоли камайиб бораётганини айтади. Аммо унинг ўрнига бошқа кутилмаган кашфиётлар чиқиши мумкин. Вера Рубин расадхонаси нафақат бу саволга жавоб бериши, балки Қуёш тизимининг ташқи қисми ҳақида бутунлай янги сирларни очиши кутилмоқда. Олимларнинг фикрича, ҳар бир жавоб янги саволларни туғдиради – коинот эса ҳали ҳам тўлиқ ўрганилмаган улкан сирлар оламидир.
Live
Барчаси