Сирдарёда янги ИЭС қурилиши бошланди
Жамият
−
25 Январь 2021
5865Энергетика вазирлиги ва “ACWA Power” компанияси Ўзбекистоннинг экологик тоза энергия соҳасидаги салоҳиятини ошириш бўйича асосий босқичлардан ўтмоқда
Сирдарё вилоятида Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси билан ҳамкорликда қуввати 1500 МВт бўлган иссиқлик электр станцияси қурилиши лойиҳаси бошланди. Маросимда икки давлат Ҳукуматлари вакиллари иштирок этди.
Шундан сўнг иккита ЭСК ва Бухоро ва Навоий вилоятларидаги шамол электр станциялари бўйича Инвестициявий келишув имзоланди.
Сирдарё ИЭС
Қуввати 1500 МВт бўлган Сирдарё ИЭС қурилишини бошлаш маросими тантанали руҳда ўтди. Умумий қиймати 1,2 миллиард доллар бўлган мазкур лойиҳанинг фойдали иш коэффициенти қарийб 60 фоизни ташкил этади. Бу эса бошқа электр станциялари билан таққослаганда ҳозирги вақтда электр энергияси ишлаб чиқариш учун истеъмол қилинаётган табиий газ миқдорини деярли икки баробар иқтисод қилиш имконини беради.
Лойиҳа реал вақт режимида ҳаво изоляциясига эга очиқ тақсимлаш қурилмаси орқали Ўзбекистоннинг миллий энергия тизимига узлуксиз электр энергияси узатиш ва куну-тун электр энергияси ишлаб чиқариш жараёнини бошқариш учун дунё экспертлари томонидан лойиҳалаштирилган энг замонавий конструкцион ечимлар, эксплуатация ва назорат воситаларидан фойдаланишни кўзда тутади.
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва “ACWA Power” компанияси умумий қуввати 1000 МВт бўлган иккита шамол электр станциялари бўйича Электр энергиясини сотиб олиш бўйича иккита келишувни имзолади.
Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва "ACWA Power" ўртасида иккита Инвестициявий келишув имзоланди.
Бухоро вилояти ҳамда Бухоро ва Навоий вилоятлари чегарасида жойлашган “Баш” ва “Жонкелди” электр станцияларини қуриш лойиҳасининг умумий қиймати қарийб 1,3 миллиард долларни ташкил этади. Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш углеводород чиқиндиларини 1,6 миллион тоннага қисқартириш имконини бериши, шу билан бирга 2031 йилга бориб энергия қувватларининг 40 фоизини қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтказиш бўйича ҳукумат томонидан қўйилган мақсадларга эришишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Маълумот учун, “ACWA Power” компанияси электр энергияси ва чучук сув ишлаб чиқариш бўйича ускуналарни ишлаб чиқиш, молиялаштириш ва эксплуатация қилишга ихтисослашган. “ACWA Power” компанияси 2004 йилда Ар-Риёд шаҳри (Саудия Арабистони)да рўйхатга олинган ва таъсис этилган бўлиб, ундаги ходимлар сони қарийб 3 500 нафарни ташкил этади. Халқаро ҳамкорлик эса ҳозирги кунда Яқин Шарқ, Африка, Марказий ва Жануби-Шарқий Осиёнинг 12 та мамлакатини қамраб олган.