Сирдарёда Ҳалима Худойбердиева мактаби ташкил этилади
Жамият
−
20 Февраль 2019
11713Тез орада Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева ижод мактаби ташкил этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 19 февраль куни Гулистон шаҳрида Сирдарё вилояти ва туманлар ҳокимлари, фаоллар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида ўтган йиғилишда маълум қилган. Президент таклифи бир овоздан қўллаб-қувватланган.
Шавкат Мирзиёев Президент сифатида иш бошлагандан буён ижод олами вакиллари ҳақиқий маънода қадр топди. Қарши шаҳрида Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов, Марғилонда Эркин Воҳидов, Нукусда Ибройим Юсупов номидаги мактаблар ташкил этилди.
Ҳалима Худойбердиева кўп йиллар давомида Ўзбекистонда номаълум ва норасмий тақиқлар остида бўлган. У Шавкат Мирзиёев Президент сифатида иш бошлагандан кейин кўплаб ижодкорлар қаторида яна ОАВда кўриниш бера бошлади.
Президент Шавкат Мирзиёев Ҳалима Худойбердиева таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан 2017 йил уни “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотлаган эди.
Ҳалима Худойбердиева 2018 йилнинг 17 август куни 71 ёшида оламдан кўз юмди.
Маълумот ўрнида, Ҳалима Худойбердиева 1947 йил 17 майда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида туғилган. У ўрта мактабни тамомлагач, Тошкент давлат университетида таълим олди. Сўнгра “Саодат” журналида аввал бўлим бошлиғи, муҳаррир ўринбосари ва кейинчалик бош муҳаррир сифатида самарали фаолият кўрсатди.
Шу давр оралиғида у Москвада Олий адабиёт курсида таҳсил олди. У “Ёш гвардия” (ҳозирги “Янги аср авлоди”) нашриётида бўлим бошлиғи, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси кенгаши раиси лавозимларида хизмат қилди. “Ёзувчи” нашриётида етакчи мутахассис ва “Гулистон” журналида адабиёт бўлимини бошқарди.
Ҳалима Худойбердиеванинг ижоди 60-йиллардан бошланган бўлиб, шу кунгача у йигирмадан ортиқ шеърий тўпламлар, достонлар ва публицистик мақолалар яратди. Хусусан, унинг “Илк муҳаббат” (1968), “Оқ олмалар” (1973), “Чаман” (1974), “Суянч тоғларим” (1976), “Бобо қуёш”(1977), “Иссиқ қор”(1979), “Садоқат” (1983), “Муқаддас аёл” (1987), “Юрагимнинг оғриқ нуқталари” (1991), “Ҳурлик ўти” (1993), “Бу кунларга етганлар бор” (1994), “Тўмариснинг айтгани” (1996) каби шеърий, насрий мажмуалари кенг китобхон оммасининг маънавий мулкига айланган. У таржимон сифатида ҳам самарали ижод қилди.
Унинг Фазу Алиева, Силва Капутикян, Иброҳим Юсупов асарларидан қилган таржималари эътиборлидир. Ҳалима Худойбердиева маҳоратли публицист сифатида ҳам шуҳрат қозонди. Унинг “Юрагимнинг оғриқ нуқталари” тўпламига кирган мақолаларида замонамизнинг долзарб муаммолари ҳақида мушоҳада юритилган.
Унинг жўшқин шеърияти ёрдамида инсонларни руҳлантириш, уларга ирода, матонат, бағрикенглик ва ҳар қандай шароитда ҳам ўз ижодига содиқ қолишдан иборат ибрат мактаби муносиб баҳоланиб, 1992 йилда “Ўзбекистон халқ шоири” фахрий унвони билан тақдирланган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь