Ҳукумат қароридан норози бўлган ҳайдовчилар масаласи ҳал қилинди

Жамият 2807
image

Сирдарёда йўловчи ташувчи транспорт воситалари ҳайдовчилар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг йўловчи ташиш учун лицензия бериш тўғрисидаги қарорига нисбатан норозилик билдира бошлаганди.

Ҳайдовчилар эътирози Ҳукуматнинг “Йўловчиларни автобусда ташиш хавфсизлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 424-сон қарорига нисбатан келиб чиқди. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур қарорнинг 1-бандига мувофиқ 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб фойдаланиш муддати 15 йилдан ортиқ бўлган автобусларда йўловчиларни ташишга лицензия карточкалари берилишига йўл қўйилмаслиги ҳамда 2021 йил 1 январдан бошлаб фойдаланиш муддати 15 йилдан ортиқ бўлган автобусларда йўловчиларни ташиш тақиқланганлиги белгиланган. 

Юқоридаги қарорнинг қабул қилиниши ортидан айрим транспорт уюшмалари ва уларга аъзо ҳайдовчилар ўртасида энди фойдаланиш муддати 15 йилдан ошган микроавтобусларга ҳам лицензия бериш тўхтатилади деган нотўғри фикр юзага келган. Ана шундай ҳолат Сирдарё вилоятида кузатилди. 

Вилоят транспорт бошқармаси раҳбарияти томонидан ушбу қарор мазмун-моҳияти транспорт уюшмалари раҳбарларига тўлиқ тушунтирилмаганлиги қолаверса, лицензия бериш жараёнида ортиқча сансоларликка йўл қўйилиши микроавтобус ҳайдовчиларининг ҳақли эътирозларини келтириб чиқарди. Ушбу ҳолат юзасидан Транспорт вазирлигининг махсус ишчи гуруҳи Сирдарё вилояти транспорт бошқармасида йўловчи ташувлари соҳасида фаолият юритиб келаётган уюшма раҳбарлари ва ҳайдовчилар билан сайёр қабул ўтказди. Қабул давомида иштирокчиларга қарорининг мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилди.

Ҳайдовчилар билан бўлиб ўтган мулоқотда улар лицензия варақалари олиш учун ўзи аъзо бўлган уюшмалар орқали ҳудудий транспорт бошқармасига белгиланган тартибда ариза билан мурожаат этмагани ойдинлашди. Уларга лицензия олиш тартиби яна бир бор тушунтирилди.

19 октябрь куни махсус ишчи гуруҳининг сайёр қабули давомида транспорт ушюмалари раҳбарлари билан бўлиб ўтган мулоқот давомида уларга лицензия варақалари тўлиқ равишда берилганлиги маълум бўлди. 

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 33
Рейтинг: 3.0
t
×