Сирдарёда ҳарбийлар мадҳия пайти иккиланиб қолди. Аслида улар қандай жест кўрсатиши керак эди?

Жамият

image

Кеча, Ўзбекистонда 9 май – “Хотира ва қадрлаш” кунига бағишланган байрам тадбирлари бўлиб ўтди. Улардан бири Сирдарё вилоятида ҳам ўтказилди. Унда Ўзбекистон мадҳияси янграган пайт ҳарбийлар билан боғлиқ қизиқарли воқеа рўй берди. 

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеога кўра, Қуролли кучлар ҳарбий оркестри томонидан Ўзбекистон мадҳияси ижро этилган. Мадҳия бошланганида минбарда Сирдарё вилояти ҳокими ортида турган ҳарбий ва давлатнинг бошқа хизматларининг махсус кийимида бўлган мансабдорлар мадҳия тинглаш вақтида қўлини қаерга қўйиш кераклигини билмай, бир неча бор адашиб кетган.

Шунингдек, видеода улар мадҳия пайти қўлини гоҳ бош кийимига, гоҳ кўксига қўйиб, бир-бирларига қараб, иккиланиб қолганини кўриш мумкин. Хўш, улар аслида қандай йўл тутиши керак эди?

“Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси тўғрисида”ги Қонунининг 7- моддаси бунга жавоб беради.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси кўпчилик ҳузурида ижро этилганда, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, ҳозир бўлган кишилар мадҳияни тик туриб ва ўнг қўл кафтини кўкракнинг чап томонига қўйиб, ҳарбий ёки давлатнинг бошқа хизматидаги махсус кийимдаги шахслар эса қўлини бош кийимига қўйиб тинглайди.

Агар Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг ижро этилиши Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг кўтарилиши билан биргаликда амалга оширилса, ҳозир бўлган кишилар унга юзи билан бурилади.

Эслатиб ўтамиз, мансабдор шахсларнинг ҳар қандай хатти-ҳаракатлари ўзидан юқори турувчи мансабдор шахсларга қараб эмас, қонун талабига риоя қилган ҳолда бажарилиши лозим.

 

Шоҳруҳ Олимжонов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

349

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг