Си Цзиньпин Зеленскийга қўнғироқ қилишга ваъда берди
Олам
−
06 Апрель 2023
6681Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин Украина Президенти Владимир Зеленский билан Россиядаги можарони ҳал қилиш масаласини муҳокама қилиш вақти келганида унга қўнғироқ қилмоқчи. Бу ҳақда ҳозир Хитойда бўлган Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен маълум қилди.
“Президент Си Цзиньпин Зеленский билан шароит ва вақт тўғри келганда гаплашишга тайёрлигини тасдиқлаганини эшитиш қизиқ эди. Менимча, бу ижобий сигнал”, деган фон дер Ляйен Пекинда Хитой раҳбари билан музокаралардан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида.
Си Цзиньпиннинг Зеленский билан гаплашишни режалаштирганини француз дипломатик манбаси ҳам тасдиқлаган. Исми ошкор этилмаган француз дипломатига кўра, Хитой раҳбари бу ҳақда Президент Макронга Хитойдаги музокаралар чоғида айтган. Макрон эса Си Цзиньпинни Россияга Украинага қарши уруш учун ишлатилиши мумкин бўлган ҳеч нарса бермасликка чақирган.
Шунингдек, Си Цзиньпин Украинадаги ҳарбий амалиётларга нисбатан нейтрал позицияга амал қилишини ҳамда Украина ва Россия ўртасидаги музокараларни қайта бошлашни қўллаб-қувватлашини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 29 март куни Зеленский Си Цзиньпинни Украинага таклиф қилганди. Украина Президентининг сўзларига кўра, у Хитой раҳбари билан бир йилдан ортиқ мулоқот қилмаган. Март ойи бошида “The Wall Street Journal” нашри ҳам Хитой раҳбари Зеленскийга Россияга ташрифидан кейин қўнғироқ қилишни режалаштиргани ҳақида ёзганди. Си Цзиньпин 22 март куни Москвадан жўнаб кетган, бироқ ўшандан бери Киев суҳбат бўлиб ўтиши ҳақида расмий тасдиқ ололмаганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь