Си Цзиньпин Путинни Хитойга таклиф қилди
Олам
−
21 Март 2023
5362Бугун, 21 март куни Хитой раҳбари Си Цзиньпин Россия Президенти Владимир Путинни бу йил Хитойга таклиф қилганини айтди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
“Кеча мен Президент Путинга бу йил ўзи учун қулай вақтда Хитойга ташриф буюришни таклиф қилдим, чунки бу йил Хитой “Бир макон, бир йўл” доирасида учинчи халқаро форумга мезбонлик қилади. Президент Путин аввалги икки форумда иштирок этган”, деган Си Цзиньпин Россия Бош вазири Михаил Мишустин билан учрашувда.
Шунингдек, Хитой раҳбари яқин алоқаларни ўрнатиш учун Мишустинни ҳам имкон қадар тезроқ Хитойга ташриф буюришини таклиф қилган. Россия Бош вазири Си Цзиньпиннинг таклифини қабул қилган.
Хитой раисининг фикрича, икки давлат ҳукумат раҳбарларининг мунтазам учрашувлари механизмини тиклаш зарур. Шунингдек, у жорий йилда фаоллаштирилиши керак бўлган икки томонлама ҳамкорликнинг бошқа механизмлари ҳам борлигини таъкидлаган. Бундан ташқари, Си Цзиньпин “Бир макон, бир йўл” ташаббуси ҳар доим Хитой ва Россия ўртасидаги алоқалардаги ҳамкорликнинг муҳим йўналиши бўлиб келганини айтган.
Маълумот учун, “Бир макон, бир йўл” ташаббуси 2013 йилда Си Цзиньпин томонидан таклиф этилган концепция бўлиб, унинг мақсади кўпроқ мамлакатларни қамраб олган халқаро савдо ва сармоявий лойиҳаларни фаоллаштириш ва манфаатдор давлатлар капиталидан фойдаланишдан иборат. Унга 150 дан ортиқ давлат ва халқаро ташкилотлар қўшилган. 2017 йилнинг май ойида Пекинда Россия, Хитой ҳамда Евроосиё, Африка ва Лотин Америкасининг 28 та давлатининг юқори мансабдор шахслари иштирокида биринчи “Бир макон, бир йўл” форуми бўлиб ўтган. Иккинчи форум 2019 йил апрель ойида Хитой пойтахтида ўтказилган. Ўтган йилнинг ноябрь ойида Хитой раҳбари Бангкокда бўлиб ўтган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) иқтисодий етакчиларининг 29-норасмий йиғилишида Хитой 2023 йилда “Бир макон, бир йўл” учинчи халқаро форумини ўтказиш имкониятини ўрганишини айтган.