Си Цзиньпин Қозонга борди (видео)
Олам
−
22 Октябрь
6853Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин бугун, 22 октябрь куни BRICS саммитида иштирок этиш учун Татаристон пойтахти Қозон шаҳрига етиб борди. Бу ҳақда Татаристон Республикаси раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Анъанага кўра, Цзиньпинни Татаристон Раиси Рустам Миннихонов ва Қозон шаҳри мэри Ильсур Метшин ҳамда бошқа расмийлар кутиб олган.
Хитой BRICS'нинг асосий аъзоларидан биридир. Мамлакат дунёда энг йирик товар ва хизматлар ишлаб чиқарувчи ҳамда етакчи экспортчи ҳисобланади. Хитой расмийлари BRICS'нинг кенгайишини бир неча бор очиқ қўллаб-қувватлаган. 2022 йилда Хитой саммитга раислик қилган.
Маълумот учун, BRICS – бу Россия, Бразилия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка Республикасини ўз ичига олган норасмий давлатлар гуруҳи. 2024 йил январь ойидан Эрон, Саудия Арабистони, Миср, Эфиопия ва Бирлашган Араб Амирликлари BRICSʼга қўшилди.
Сентябрь ойида НАТО аъзоси Туркия BRICSʼга аъзо бўлиш учун ариза бергани маълум бўлди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой раҳбари Си Цзиньпин Қозонда бўлиб ўтадиган BRICS саммитида иштирок этиши ҳақида хабар берилганди. Сербия Президенти Александр Вучич эса Россия Президенти Владимир Путинга 22-24 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган BRICS саммитида қатнашмаслиги, бироқ делегация юборишини айтди. Бразилия Президенти ҳам Россияга бормайди, у ҳам парвозини бекор қилган. Бразилиядаги Сирио Либанес шифохонаси томонидан эълон қилинган тиббий хулосага кўра, сиёсатчига узоқ масофаларга ҳаво қатновидан қочиш тавсия этилган. Тиббий хулосада айтилишича, Президент бошининг “оксипитал қисми” жароҳат олган. Идора маълумотларига кўра, у уйида тасодифан жароҳатланган.