Си Цзиньпин Балига боради. Уни Макрон ва Байден билан учрашув кутяпти

Олам 2337
image

Хитой раҳбари Си Цзиньпин Балида (Индонезия) бўлиб ўтадиган G20 ва Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (APEC) саммитларида иштирок этади. Бу ҳақда бугун, 11 ноябрь куни Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Хуа Чуньин маълум қилган.

Хабарда айтилишича, Си Цзиньпин G20 саммитида иштирок этиш учун 15-16 ноябрь кунлари Индонезиянинг Бали оролига ташриф буюради. Хитой етакчиси 17–19 ноябрь кунлари эса Таиландга ташриф буюради ва у ерда APEC етакчилари йиғилишида иштирок этади.

Хитой раҳбари G20 ва APEC доирасида АҚШ Президенти Жо Байден ва Франция Президенти Эммануэль Макрон билан учрашишни режалаштирмоқда.

“Саммитлар доирасида Си Цзиньпин Франция Президенти Эммануэль Макрон, АҚШ Президенти Жо Байден, Сенегал Президенти Маки Салл, Аргентина Президенти Альберто Фернандес ва бошқа етакчилар билан икки томонлама учрашувлар ўтказади”, деган Хитой ТИВ матбуот котиби Чжао Лицзянь.

Унинг сўзларига кўра, Хитой Си Цзиньпин ва Байденнинг Балидаги учрашуви чоғида АҚШ билан муносабатларни нормаллаштиришга эришишга ҳаракат қилади. 

“Биринчи навбатда, Хитой-АҚШ муносабатлари нормал ҳолатга қайтишини таъминлашга интиламиз”, деган у брифинг чоғида ғарблик журналистнинг Пекин икки давлат раҳбарларининг бўлажак учрашувидан нимани кутаётгани ҳақидаги саволига жавоб берар экан.

Маъруф Абдумаликов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 50
Рейтинг: 2.9
t
×