Си Цзиньпин АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатлар яхшиланишига умид билдирди
Олам
−
19 Ноябрь 2022
4148Америка Қўшма Штатлари вице-президенти Камала Харрис Бангкокда бўлиб ўтаётган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги саммитида Хитой раиси Си Цзиньпин билан қисқа учрашув ўтказди. Бу ҳақда Оқ уй расмийси хабар берди.
Учрашувда Си Цзиньпин АҚШ ва Хитой ўртадаги тушунмовчиликларни камайтириб, ўзаро муносабатлар соғлом йўлга қайтарилишига умид билдирди.
Шунингдек, Хитой раиси 14 ноябрь куни АҚШ Президенти Жо Байден билан Балида бўлиб ўтган учрашувига ҳам тўхталиб, бу стратегик ва конструктив характерга эга бўлганини таъкидлади.
“Президент Байден билан учрашувимиз Хитой–АҚШ муносабатларининг кейинги босқичи учун катта йўналтирувчи аҳамият касб этади. Умид қиламанки, Харрис хоним бу борада фаол роль ўйнайди”, дея қўшимча қилди Си Цзиньпин.
Харрис ўз навбатида, “АҚШ Пекин билан қарама-қаршилик ёки зиддиятга интилмаяпти, икки томон глобал муаммолар бўйича ҳамкорликни ривожлантириши ва ўзаро алоқа каналларини сақлаб қолиши керак”, дея фикр билдирди.
LiveБарчаси