Швейцария Россияга қарши қақшатқич санкциялар пакетини қабул қилди

Олам 21601
image

Швейцария Россия ва Беларусга қарши навбатдаги санкциялар пакетини эълон қилди. Ҳукумат сайтида эълон қилинган хабарда келтирилишича, Россия учун муҳим даромад манбаи бўлган маҳсулотлар импортига эмбарго қўйилган. 

“Янги чора-тадбирлар қўнғир кўмир, тошкўмир ва Россия учун муҳим даромад манбаи бўлган маҳсулотлар, хусусан, ёғоч, цемент, денгиз маҳсулотлари ҳамда қора икра импортини тақиқлашни ўз ичига олади”, дейилади хабарда.

Санкциялар пакетига кўра, молия секторига тегишли янги чекловлар кучга киради. Давлат мулки ёки давлат назорати остидаги Россия корхоналарини ҳар қандай қўллаб-қувватлаш тақиқланади. Россия фуқаролари ёки юридик шахслари энди Швейцарияда трастларни рўйхатдан ўтказа олмайди ва уларга хизмат кўрсатиш ҳам имконсиз бўлади.

Федераль Кенгаш ушбу чекловларнинг киритилиши билан “Швейцария Европа Иттифоқининг Россияга қарши янги чора-тадбирларининг аксариятини амалга оширди”, деб тушунтирди. Гап Европа Иттифоқининг Россияга қарши бешинчи санкциялар пакети ҳақида бормоқда.

Беларусга нисбатан чекловларга келсак, 27 апрель куни Швейцария ушбу мамлакатга банкноталар экспортини тақиқлашни узайтирди. Бундан буён у нафақат Швейцария франки ва еврога, балки Европа Иттифоқининг бошқа расмий валюталарига ҳам тегишли.

Маълумот учун, Швейцария нейтрал мақомга эга бўлишига қарамай, Россиянинг Украинага босқини муносабати билан эълон қилинган Ғарбнинг Москвага қарши санкцияларида иштирок этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ, Европа Иттифоқи, Канада ва бошқа давлатлар февраль ойи охирида Украинадаги уруш фонида Россияга қарши санкциялар жорий қила бошлади. Молиявий ва ҳарбий-саноат соҳаларидаги ўнлаб Россия компаниялари ва олигархлар чекловлар остида қолди.

Март ойи бошида АҚШ Президенти Жо Байден россиялик олигархларнинг жиноятларини тергов қилиш бўйича гуруҳ ташкил этилишини эълон қилди. У Америка ва Европа расмийлари “йўл-йўлакай орттирилган бойлик” ортидан келишлари, яхталари, ҳашаматли уйлари, шахсий самолётларини тортиб олишлари ҳақида огоҳлантирди.

Эртаси куни АҚШ 19 нафар тадбиркор ва мансабдор шахслар ҳамда уларнинг 47 нафар оила аъзоларига нисбатан санкциялар киритди. Оқ уй чекловларга сабаб сифатида “Президент Владимир Путиннинг Украинага шафқатсиз бостириб киришида уни қўллаб-қувватлагани”ни келтирди.

АҚШ “Транснефть” раҳбари Николай Токарев, Борис ва Аркадий Ротенберглар, “Ростех” раҳбари Сергей Чемезов, ВЭБ.РФ раҳбари Игорь Шувалов, Евгений Пригожин, USM Holdings асосчиси Алишер Усмонов ҳамда уларнинг бир қатор компаниялари ва қариндошларининг активларини музлатиб қўйди. 

9 март куни Европа Иттифоқи 14 нафар россиялик тадбиркор ва уларнинг оила аъзоларига нисбатан чекловлар жорий қилди. Кейинчалик Буюк Британия ҳам қўшимча санкциялар киритди.

6 апрель куни Америка Қўшма Штатлари Россия Президенти Владимир Путиннинг вояга етган фарзандлари, Россия Бош вазири Михаил Мишустин ва Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведевга нисбатан санкциялар жорий қилишини эълон қилди. 

7 апрель куни Австралия Россия элитасининг 67 вакилига қарши санкция киритди. Швейцария эса Россиянинг 8 миллиард доллардан ортиқ активларини блоклади.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 248
Рейтинг: 3.1
t
×