Швеция Туркиянинг талабини биринчи марта бажо келтирди. Эрдўған сўзида турадими?

Олам

image

Швеция Туркияга Анқара террорчи ташкилот деб ҳисоблаган Курдистон ишчилар партияси (КИП)га аъзоликда айбланган биринчи шахсни экстрадиция қилди. Шундай қилиб, у Туркия билан имзоланган, террорчилик фаолиятида иштирок этган шахсларни экстрадиция қилишни назарда тутувчи НАТОга аъзолик меморандумини амалга ошириш йўлида аниқ қадам ташлади. Бу ҳақда Туркиянинг NTV телеканали хабар берди. 

Туркияда 6 йилу 10 ойга қамалган Маҳмут Тат 2015 йилда Швециядан бошпана сўраб мурожаат қилган, бироқ рад жавоби берилган эди. Бир муддат олдин у Швеция полицияси томонидан ҳибсга олинган. Кеча, 2 декабрь куни кечқурун Тат Истанбулга олиб кетилган ва у ердан ҳукм ижроси билан боғлиқ тартиб-қоидалар учун тергов изоляторига юборилган. 

Швеция томонидан террорчилик фаолиятида айбдор деб топилган шахснинг Туркияга экстрадиция қилиниши Бухарестдаги НАТО мамлакатлари Ташқи ишлар идоралари раҳбарлари ва икки давлат Ташқи ишлар вазирларининг учрашуви доирасидаги музокаралардан икки кун ўтиб бўлиб ўтди. Уларнинг натижаларига кўра, Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли Анқара Швециянинг альянсга қўшилиш борасидаги қатъийроқ муносабатини қайд этишини, бироқ НАТО аъзолиги бўйича меморандумни бажариш бўйича аниқ қадамлар кутишини айтди. 

Швеция ва Финляндия май ойида Шимолий Атлантика иттифоқига аъзо бўлиш учун ариза берган, бироқ Туркия курд ташкилотларини террорчи деб эълон қилишни, террорчиликда ёки 2016 йилда давлат тўнтаришига уринишда иштирок этишда айбланган шахсларни экстрадиция қилишни талаб қилиб, НАТОга аъзо бўлиш жараёнини тўсиб қўйган. 28 июнь куни Мадридда НАТО саммити бошланишидан олдин Туркия етакчиси Ражаб Тойиб Эрдўған, Финляндия Президенти Саули Ниинистё,  ўша пайтдаги Швеция Бош вазири Магдалена Андерссон ва НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Стокгольм ва Хелсинкининг НАТОга аъзо бўлишига рухсат берувчи меморандум имзоланди. 

Анқара аввалроқ Финляндия ва Швеция билан имзоланган меморандум якуний эмаслигини, агар икки давлат террорчилик ташкилотларига қарши курашиш бўйича унда белгиланган мажбуриятларни бажармаса, Туркия парламенти уни тасдиқламаслиги мумкинлигини айтган эди. Туркиядаги булар қаторига, хусусан, Курдистон ишчилар партияси (КИП) ва ФЕТО ташкилоти киради.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

194

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг