Швеция Туркияни НАТО масаласида рози қилиш ҳаракатини бошлади

Олам 5006
image
-

Швеция ҳукумати мамлакатнинг НАТОга аъзо бўлиш масаласини муҳокама қилиш учун Туркияга дипломатлар делегациясини юборишини эълон қилди. Бу ҳақда “Анадолу” агентлиги маълум қилди.

Қироллик Ташқи ишлар вазири Анн Линденинг айтишича, Швеция делегацияси яқин орада Туркияга ташриф буюради. Улар расмий Анқара илгари сурган масалаларни муҳокама қилиши кутилмоқда.

Хельсинки ва Стокгольм Россиянинг Украинага қарши уруши фонида Шимолий Атлантика альянсига қўшилиш ниятини эълон қилди.

Финляндия ва Швециянинг НАТОга интилишлари

Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши ортидан узоқ йиллар давомида бетарафлик мақомида бўлиб келган Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилиш ҳаракатига тушди.

Жорий йилнинг 12 май куни Финляндия Президенти ва Бош вазири мамлакат НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. НАТО ҳам бу давлатни ортиқча жараёнларсиз ташкилотга олишга тайёрлиги билдирилди 

Бунинг ортидан расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилди. 

“Финляндиянинг НАТОга қўшилиши Шимолий Европа минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни сақлашга ҳамда Россия-Финляндия икки томонлама муносабатларига жиддий зарар етказади. Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўришга мажбур бўлади”, дейилади Россия ТИВ баёнотида.

Бундан ташқари, Швециянинг ҳукмрон Социал-демократик партияси раҳбарияти 15 май куни Альянсга қўшилиш бўйича ўз позициясини эълон қилади. ОАВ хабарларига кўра, мамлакат келаси ҳафта НАТОга аъзо бўлиш учун ариза беради.

11 май куни эса Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон иккала Скандинавия давлатига ташриф буюриб, Швеция ва Финляндия раҳбарлари билан ўзаро хавфсизлик кафолатларини имзолади.

13 май куни эса НАТО аъзоси бўлган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига ижобий қарамаслигини билдирди.

15 май куни Финляндия ҳам, Швеция ҳам НАТОга аъзо бўлишга қарор қилганини билдирди.

 

Камронбей Кенжаев

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 37
Рейтинг: 2.9
t
×