Швеция Эрдўғаннинг сўзини ерда қолдирди. Кенеш Анқарага қайтарилмайди
Олам
−
21 Декабрь 2022
5454Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан сўнг, нейтрал Чвеция ва Финляндия НАТОга аъзо бўлишга қарор қилди. Улар май ойи ўрталарида ўз аризаларини топширишган, бироқ айни вақтда Туркия (альянс аъзоларидан бири) музокаралар бошланишига тўсқинлик қилиб, уларнинг альянсга киришини тасдиқлашга рози бўладиган бир қатор шартларни қўйган. Июьн ойи охирига қадар Швеция ва Финляндия Курдистон ишчилар партиясини террорчи ташкилот деб тан олиши, шунингдек, Туркия томонидан терроризмда ёки 2016 йилги давлат тўнтаришига уринишда иштирок этишда айбланган шахсларни экстрадиция қилишлари керак бўлган келишувга эришилди. Ана шундай одамлардан бири “Today’s Zaman” мухолифат газетасининг собиқ бош муҳаррири Булент Кенешдир. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг шахсан ўзи уни экстрадиция қилишни талаб қилган.
19 декабрь куни Швеция Олий суди Туркия ҳукуматининг Швеция Бош вазири Ульф Кристерссон ва Ражаб Тойиб Эрдўған иштирокида ўтказилган қўшма матбуот анжуманида тилга олинган журналист Булент Кенешни экстрадиция қилиш ҳақидаги сўровини рад этди. Унда икки давлат раҳбарлари, хусусан, Туркия ҳукумати томонидан терроризмда ёки 2016 йилги давлат тўнтаришига уринишда иштирок этишда айбланган шахсларни экстрадиция қилишни назарда тутувчи меморандумни муҳокама қилди.
“Швецияда бир террор ташкилотининг аъзоси бор, мен исмини айтаман: Булент Кенеш. Бу террорчининг Туркияга депортацияси биз учун катта аҳамиятга эга ва биз, албатта, Швециянинг (бу масалада) янада нозикроқ ҳаракат қилишини истаймиз”, деган Эрдўған.
Швеция суди ўз рад жавобини Кенеш ўз ватанига қайтарилса, сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилиниши ҳақида таҳдид олгани билан асослади. Бундан ташқари, суд журналистнинг қочқин мақомига эга эканлигига эътибор қаратди, бу эса унинг экстрадициясини тақиқлаш учун асос бўлиши мумкин.
Туркия расмийларининг илтимосини рад этиш қарорини Швеция Ташқи ишлар вазирлиги ҳам тасдиқлади. Таъкидланишича, бу каби масалалар бўйича қарор қабул қиладиган охирги ваколат суд бўлган.
Булент Кенешнинг “EUObserver” нашрига айтишича, Швеция расмийларининг қарори у учун кутилмаган бўлмаган.
“Мен ҳар доим Швециянинг қонун устуворлиги тизимига ишонганман. Мен Швециянинг НАТОга киришининг тарихий жараёнида исломий-фашистик деспотнинг шантажига қарамай ҳам ўзининг демократик ва ҳуқуқий тамойилларини сақлаб қолишда туриб олганини кўрганимдан хурсандман”, дейди журналист.
Кенеш Эрдўғанн айнан унинг экстрадициясини талаб қилганини бемаънилик деб билади.
“Мен ҳеч қандай сиёсий ёки зўравонлик жиноятларини содир этганим йўқ. Мен тўнтариш ташкилотчиси ҳам ва террорчи ҳам эмасман. Мен шунчаки журналистман. Шунчаки инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида журналистик фаолият билан шуғулланувчи шахс”, дейди Кенеш.
Умуман олганда, “The Guardian” нашрининг ёзишича, Туркия Швециядан 73 кишини экстрадиция қилишни талаб қилмоқда. Улардан камида биттаси аллақачон Швеция расмийлари томонидан экстрадиция қилинган. Туркиянинг Анадолу агентлиги хабарига кўра, бу Анқара террорчи ташкилот деб ҳисоблаган Курдистон ишчилар партияси фаолиятига алоқадорликда айбланиб, олти йилу ўн ойга сиртдан қамоқ жазосига ҳукм қилинган Маҳмут Татдир. 2015 йилда Маҳмут Тат Швециядан сиёсий бошпана сўраган, бироқ рад жавоби берилган.
LiveБарчаси