Шварценеггер БМТ саммити олдидан дунё лидерларини танқид қилди 

Маданият-санъат 7711
image

“Терминатор” фильмидаги роли билан дунёга машҳур бўлган америкалик актёр Арнольд Шварценеггер иқлим ўзгаришига қарши етарлича курашмаётган жаҳоннинг йирик давлатлари раҳбарларини танқид қилди. Бу ҳақда “Life” журнали ёзмоқда.
 
Қайд этилишича, эртага, 1 ноябрь куни Глазгода бошланадиган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференцияси олдидан Шварценеггер билан суҳбат бўлиб ўтган. 

Калифорниянинг собиқ губернатори Арнольд BBC’га берган интервьюсида глобал ҳаво ҳароратининг кўтарилиш муаммосини иқтисодий томонларини даъво қилиб, муҳокама қилишдан қочаётган давлат раҳбарларини аҳмоқ ва ёлғончи деб атаган. 

Унинг сўзларига кўра, бир вақтнинг ўзида ҳам атроф-муҳит, ҳам иқтисодиёт манфаатларидан келиб чиқиб ҳаракат қилиш мумкин.

“Буни қилиш учун шунчаки жасоратли бўлиш керак”, дейди Шварценеггер.

Собиқ губернаторнинг сўзларига кўра, Тинч океанидаги йирик штат – Калифорния иссиқхона газлари чиқиндиларини 25 фоизга камайтиришга муваффақ бўлган ва 1990 йилги даражага қайтган. Шу билан бирга, америкалик актёрнинг таъкидлашича, Калифорния АҚШдаги энг катта ЯИМга эга – 3,3 триллион доллар.

Шварценеггер глобал капитализмнинг ҳалокатли оқибатлари ҳақидаги ўз позицияси бўйича саволга ҳам жавоб берган.

“Агар уни оқилона ҳал қила олсангиз, глобал капитализмга эга бўлишингиз мумкин. Дунёдаги энг яхши иқтисодга эга бўлишингиз мумкин, аммо одамлар ўладиган бўлса, унда бундан маъно йўқ”, дея хулоса қилди Калифорниянинг собиқ раҳбари.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 288
Рейтинг: 3
t
×