Шукрки, касаллик эрта босқичда аниқланди – Сунак Қиролнинг саратонга чалингани ҳақида
Олам
−
06 Февраль
4427Шифокорлар Буюк Британия қироли Чарльз III да саратон касаллигини эрта босқичда аниқлашга муваффақ бўлган. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири Риши Сунак BBC’га берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Ҳамма каби мен ҳам [монархнинг касаллиги] ҳақидаги хабардан ҳайратда қолдим ва жуда хафа бўлдим, ҳозир эса менинг хаёлим у ва оиласида. Яхшиямки, касаллик эрта босқичда аниқланди”, дейди ҳукумат раҳбари.
Риши Сунак қирол тўлиқ тузалиб кетишига умид қилишини билдирган.
“Албатта, мен у билан мунтазам равишда боғланиб тураман ва биз одатдагидек мулоқот қилишда давом этамиз”, дейди у.
Букингем саройи аввалроқ таъкидлаганидек, шифокорлар қиролга амбулатор даволаниш вақтида давлат вазифаларини бажаришдан воз кечишни тавсия қилган бўлса-да, у давлат ишлари билан шуғулланишда ва қоғозлар билан ишлашда давом этади. Монархнинг расмий вазифаларига парламент томонидан қабул қилинган қонунларни имзолаш киради. Чарльз III қироллик имзоси талаб қилинадиган ҳужжатларни, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси аъзоларидан ҳисоботларни ҳар куни эрталаб қизил портфелда олади.
Бундан ташқари, қирол ҳар ҳафта Бош вазирни Букингем саройида қабул қилиб, мамлакат ва дунёдаги энг муҳим воқеаларни муҳокама қилади. Британия матбуоти хабарларига кўра, бундай учрашувлар аввалгидек бўлиб ўтади, бироқ Сунак BBC’га бу маълумотни тасдиқлашдан бош тортди ва фақат монарх билан мунтазам алоқа қилишда давом этишини такрорлади.
Букингем саройи шифокорлар Чарльз III да саратоннинг қайси турини аниқлаганига аниқлик киритмаган, ваҳоланки, Британия оммавий ахборот воситаларининг хабарларига кўра, гап простата саратони ҳақида кетмаяпти, унинг катталашиши туфайли ўтган ойда қирол шифохонага ётқизилган ва простата безида операция қилинган. Жараён давомида шифокорлар ташвишнинг яна бир сабабини аниқлаган ва тестлар монархнинг саратон касаллигига чалинганини тасдиқлаган. Чарльз III аллақачон даволаниш курсини бошлаган, у амбулатория шароитида ўтади.
LiveБарчаси