Штайнмайер иккинчи марта Германия Президент этиб сайланди
Олам
−
13 Февраль 2022
6847Бугун, 13 февраль куни Германия Федератив Республикаси (ГФР) Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер иккинчи муддатга Президент этиб сайланди. Бу ҳақда Федерал йиғилишда раислик қилган бундестаг спикери Бербель Бас маълум қилди.
ГФР Федерал йиғилиши мамлакат Президентини сайлаш учун чақириладиган махсус конституциявий орган ҳисобланади. Унга Бундестаг депутатлари ва Германия минтақа парламентлари тайинлайдиган вакиллар киради.
Штайнмайер номзодини ёқлаб 1435 сайловчидан 1045 нафари овоз берган. Йиғилишнинг 86 аъзоси бетараф қолган. Яна 294 киши бошқа номзодларга овоз берган. Президентлик учун Штайнмайердан ташқари яна уч киши ўз номзодини кўрсатган.
Маълумот учун, 66 ёшли Франк-Вальтер Штайнмайер 2017 йил 19 мартидан буён Германия Президенти лавозимни эгаллаб келмоқда. Ўшанда сиёсатчи Йоахим Гаукнинг ўрнини эгаллаганди.
Германиянинг 40 ёшга етган ва сайланиш ҳуқуқига эга ҳар бир фуқароси мамлакат Президенти бўлиши мумкин. Президент 5 йилга сайланади, бу лавозимга фақат бир марта қайта сайланиш мумкин.
LiveБарчаси