Шри-Ланкада янги Президент сайланди. Аввалгиси оиласи билан қочиб кетганди
Олам
−
20 Июль 2022
6328Мисли кўрилмаган иқтисодий инқирозга юз тутган Шри-Ланкада янги Президент этиб собиқ Бош вазир Ранил Викрамасингхе сайланди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
“Овоз бериш натижаларига кўра, Ранил Викрамасингхе Шри-Ланка Демократик Социалистик Республикасининг саккизинчи Президенти этиб сайланди”, дейди саноқ комиссияси раиси.
Қайд этилишича, Ранил Викрамасингхега 225 депутатдан 134 нафари, унинг асосий рақиби, ҳукмрон партиядан депутат Дулла Аллахаперумага эса атиги 82 депутат овоз берган.
Натижалар эълон қилинганидан сўнг, собиқ Бош вазир Шри-Ланка жуда оғир иқтисодий ва сиёсий вазиятда экани, мамлакат бундан ҳам кўпроқ муаммо ҳамда қийинчиликларга дуч келаётганини айтган.
“Биринчи вазифа — Халқаро валюта жамғармаси билан молиявий ёрдам бўйича келишиш”, дейди у.
Эътиборлиси, Викрамасингхе авваллари Бирлашган Миллий партия етакчиси сифатида икки марта президентлик сайловларида қатнашган, бироқ қонунчиларнинг овозлари етарли бўлмагани учун у ҳар сафар муваффақиятсизликка учраган.
Шри-Ланканинг собиқ Президенти Готабая Ражапакса 13 июлга ўтар кечаси оммавий норозилик намойишлари фонида мамлакатни тарк этди ва оиласи билан ҳарбий самолётда Мальдив оролларига қочди. 14 июль куни Президент Сингапурга учиб кетди ва у ердан истеъфога чиқиш тўғрисида расмий хат юборди.
Шри-Ланкадаги сиёсий вазият 9 июль куни намойишчилар давлат раҳбари ва Бош вазирнинг қароргоҳини эгаллаб олиши билан кескинлашган. Тартибсизликлар пайтида 100 дан ортиқ одам жароҳатланган.
Шри-Ланкадаги вазият
Шри-Ланкада бир неча ойдан бери нархларнинг кўтарилиши, озиқ-овқат ва ёқилғи етишмаслиги сабаб норозилик намойишлари ўтказилаётганди. Кундалик товарлар кескин қимматлашиб, инфляция даражаси 50 фоиздан кўтарилиб кетганди.
Шунингдек, мамлакатда валюта захиралари деярли тугагани сабабли бошқа давлатлардан товар сотиб олиш учун етарли маблағ қолмаганди. Электр тармоғидаги узилишлар ҳам одатий ҳолга айланиб қолган. Дори-дармон етишмаслиги соғлиқни сақлаш тизимини инқироз ёқасига олиб келган.
Қолаверса, автобус, поезд ва тиббий транспорт каби муҳим хизматлар учун ёқилғи етишмовчилиги жиддий тус олган. Мактаблар ёпилган ва одамлардан ресурсларни тежашга ёрдам бериш учун уйдан ишлашлари сўралган.
Шри-Ланка май ойида ўзига керакли товарларни хориждан харид қила олмагани билан бирга, тарихида биринчи марта ташқи қарзи бўйича тўловни амалга ошира олмай, банкротликка учради.
Маълумотларга кўра, ҳозирда ҳукуматининг 51 миллиард доллардан ортиқ ташқи қарзи бор, унинг 6,5 миллиард доллари Хитойга тўғри келади ва икки давлат қарзни қандай қайтариш бўйича музокаралар олиб бормоқда. G7 давлатлари Шри-Ланканинг қарз тўловларини камайтиришга уринишларини қўллаб-қувватлашини айтган.
Шри-Ланка ҳукумати, шунингдек, Халқаро валюта жамғармаси билан 3 миллиард доллар ажратиш борасида музокаралар олиб бормоқда.
Жаҳон банки Шри-Ланкага 600 миллион доллар қарз беришга рози бўлган. Бундан ташқари, Ҳиндистон қўшнисига камида 1,9 миллиард доллар кредит таклиф қилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь