Шри-Ланка дефолтга учраганини эълон қилди

Олам

image

Шри-Ланка Молия вазирлиги мамлакатнинг барча ташқи мажбуриятлари бўйича тўловлар тўхтатилганини эълон қилди. Бу идора томонидан бугун, 12 апрель куни чиқарилган қарорда айтилади.

“Вазирлик сиёсати барча [ташқи] қарзлар бўйича тўловларни ХВЖ томонидан қўллаб-қувватланадиган иқтисодий трансформациялар дастурига мувофиқ ушбу мажбуриятларни тўғри қайта тузиш мақсадида маълум муддатга музлатиб қўйишдан иборат”, дейилади ҳужжатда.

Қайд этилишича, дефолт Шри-Ланка Марказий банки ва бошқа давлатлар ўртасидаги “халқаро бозорларда чиқарилган свопдан ташқари барча облигациялар, барча икки томонлама кредит мажбуриятлари”га тааллуқли. Шунингдек, тижорат банклари ёки бошқа кредит ташкилотлари билан хорижий валютада тузилган кредит шартномалари бўйича тўловлар тўхтатилди.

Молия вазирлигининг таъкидлашича, “бу чора-тадбирлар фавқулодда ва мамлакатдаги молиявий вазиятнинг янада ёмонлашишига йўл қўймасликнинг охирги усули”. 

“Қарзни кенг қамровли реструктуризация қилиш энди муқаррар деб қаралмоқда. Келгусида кечикиш Шри-Ланка иқтисодиёти учун қайтарилмас оқибатларга олиб келиши ва давлатнинг ташқи қарз қимматли қоғозлари эгаларига тузатиб бўлмайдиган зарар этказиши мумкин”, дейилади ҳужжатда.

Расмийлар ХВЖ билан яқин ҳамкорликда уни “тўлиқ тиклаш” учун иқтисодиётни қайта қуриш дастурини ишлаб чиқиш ва буни “имкон қадар тезроқ” амалга ошириш ниятида. Иқтисодиётдаги салбий жараёнлар ва ташқи қарзга хизмат кўрсата олмаслик сабаблари сифатида департамент пандемия ва Украинадаги вазиятнинг оқибатларини кўрсатган.

Шри-Ланка 1948 йилда мустақилликка эришганидан бери энг ёмон иқтисодий инқирозни бошдан кечирмоқда. Бунга пандемия туфайли хорижий туризмнинг қисқариши сабаб бўлди, бу эса мамлакатда валюта захираларининг тақчиллигига олиб келди. Бундай шароитда Шри-Ланка ҳукумати импортни камайтиришга ва ресурсларга тежамкорликни жорий этишга мажбур бўлди. Шри-Ланка цемент, автомобиль қисмлари, ёқилғи, озиқ-овқатга жуда муҳтож. Бу ҳолат инфляциянинг ошишига олиб келди ва март ойида 17 фоизга етди. Ташқи қарз олиш ва иқтисодий инқирозга қарши курашга Шри-Ланканинг 35 миллиард долларлик ташқи қарзи тўсқинлик қилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

421

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг