“Шовотландия” кафесини ёқиб юборганлар умрбодга қамалди
3-саҳифа
−
22 Декабрь 2021
25015Тошкентнинг Чилонзор туманидаги “Шовотландия” кафесини ёқиб юбориб, беш кишининг ўлимига сабабчи бўлган шахсларга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда “Севимли” телеканали лавҳасида маълум қилинди.
Жорий йилнинг 27 февраль соат 03:51 да Чилонзор туманида жойлашган “Шовотландия” кафесида ёнғин содир бўлганди. Воқеа жойига 4 та ёнғин ўчириш бўлинмалари жалб этилиб, соат 04:37 да ёнғин тўлиқ ўчирилган.
Ёнғин оқибатида беш киши ҳалок бўлган ва кафенинг том қисми ҳамда ички жиҳозлари, 150 квадрат метр майдони ёниб жиддий зарарланганди. Фожиада Жавоҳир Ж. (1998 йилда туғилган), Худайшукур Х. (1998 йилда туғилган), Бибижон А. (1961 йилда туғилган), Мадина Б. (1999 йилда туғилган) ва Шоҳсанам А. (1996 йилда туғилган) ҳалок бўлган.
Тезкор-қидирув тадбирларида бинога қасддан ёнғин етказган шахс жорий йилнинг 27 февраль куни соат 03:30 ларда Matiz автомашинасида манзилга келиб, бино деворларига ўзи билан олиб келган шиша идишдаги суюқликни сепиб, сўнг яна бир идишдаги суюқликни бино ичкарисига отган ва аланга чиқишини кузатиб, ёнғин содир бўлганидан сўнг воқеа жойини яширинча тарк этгани аниқланганди.
Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 173-моддаси 2-қисми “б,в” бандлари (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) билан жиноят иши қўзғатилдган.
Ушбу жиноят муқаддам ЖКнинг учта моддаси билан судланган Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида яшовчи С.Ф. томонидан содир этилганлиги аниқланиб, ушланган.
Суд-тиббиёт экспертизасининг хулосаларига кўра, бино ичида ухлаб ётган 60 ёшли аёл, 23 ёшли икки нафар йигит, 22 ва 25 ёшли икки нафар қиз ис газидан заҳарланиш фонида тананинг 100 фоиз 3−4 даражали термик куйиши оқибатида вафот этган.
Суд ҳукми билан ёнғинга сабабчи сифатида гумон қилинган 36 ёшли фуқаро Жиноят кодекси 97-моддаси 2-қисмининг “а, в, д, ж, п” бандлари (қасддан одам ўлдириш), 165-моддасининг 1-қисми (товламачилик), 173-моддаси 2-қисмининг “б, в” бандларида (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди. Унга ЖКнинг 59-моддаси 4-қисми тартибида тайинланган енгилроқ жазоларни умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан қоплаш орқали узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Шунингдек, 26 ёшли судланувчи Жиноят кодекси 97-моддаси 2-қисмининг “а, в, д, ж, п” бандлари (Қасддан одам ўлдириш), 173-моддаси 2-қисмининг “б, в” бандларида (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди. Жиноят кодекси 59-моддасининг 4-қисми тартибида тайинланган енгилроқ жазоларни умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан қоплаш орқали узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Суд ҳукми эълон қилинган кундан 20 кун ўтиб кучга киради.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь