“SHOVOTLANDIA” иши: Судланувчилар терговда қийноқ бўлганини айтмоқда. Судья ким томонда?
Жамият
−
30 Июль 2022
8959Тошкентнинг Чилонзор туманидаги “SHOVOTLANDIA” кафесини ёқиш ва 5 кишининг ўлимида айбдор деб топилган Р.Абдураҳимов ва Ф.Сайфиев иши юзасидан Тошкент шаҳар судида апелляция суди давом этмоқда. QALAMPIR.UZ ҳар бир суд мажлисида қатнашиб тўлиқ видеоларни ҳам тақдим этмоқда.
Сўнгги суд мажлиси жорий йилнинг 30 июнь куни бўлиб ўтди ва кейинги суд мажлиси 7 июлга белгиланди. Бироқ, шу куни суд мажлиси ўтказилмай, суд номаълум муддатга қолдирилгани хабар қилинди.
Уч ҳафталик танаффусдан сўнг, жорий йилнинг 28 июль куни суд яна ўз ишини бошлади.
Ўтган галдаги суд мажлисида судланувчилар Р.Абдураҳимов ва Ф.Сайфиев Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида ўтказилган тергов давомида уларга тазйиқ ўтказилгани, қийноққа солинганликлари, бошларига қоп кийдириб, ҳатто, жинсий аъзоларигача жиддий жароҳатлар етказилганини айтишди. Ўзларидаги тан жароҳатларини эса улар билан тергов изоляторида бир камерада сақланган С.Шамсуддинов кўрганини билдиришди.
28 июлдаги суд мажлиси гувоҳ С.Шамсуддиновни тинглашдан бошланди. Гувоҳ адвокатларнинг Р.Абдураҳимовга тазйиқ қийноқлар бўлганми, деган саволига қуйидагича жавоб берди:
“Қийноқ бўлганини тўғридан-тўғри кўролмаймиз. Эрталабдан кечгача камерада ўтирамиз. Исм-фамилия айтиб чақиришади ва олиб чиқиб кетишади. Рустам акамни олиб чиқиб кетиб, камерага олиб келишган вақтида “чалажон”, холсиз аҳволда ҳам бўларди. Лекин мен уни уришгани тазйиқ қилишганини кўзим билан кўрмаганман. Шунинг учун қийноқ ёки бошқа сабаб билан бундай ҳолатга тушганини айтолмайман. Лекин кириб келганларида бадани оғриган, инграган бўларди. Ўша вақтда биринчи тез ёрдам кўрсатардик. Оёқни болдир қисми кўкариб кетган вақтларида “баклажка”га сув тўлдириб, оёқларининг кўкарган жойига босардик”, дейди гувоҳ.
Адвокат Фазлиддин Шерматов ҳимояси остидаги Абдураҳимов сутканинг айнан қайси вақтида олиб чиқиб кетилиши билан қизиқди.
“Эшикни тақиллатиб, фамилия айтади ва олиб чиқиб кетади. Ким олиб чиқиб кетгани бизга қоронғи. Тушлик вақтида ҳам, кечки пайт ҳам, вазиятга қараб. Рустам акам билан 10-11 кун бирга бўлганимизда, бир неча марта қайтганида баданида оғриқ борлигини билардик. Ҳатто, жинсий аъзоларининг шишган жойига ҳам “баклажка” қўйилган. Рустам ака бирор марта “мени қийнашди”, деб гапирмасди”, дейди гувоҳ Сирожиддин Шамсуддинов.
Судда жамоат ҳимоячиси сифатида иштирок этаётган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев Ўзбекистон Қийноқларга қарши халқаро конвенцияга қўшилгани ва амалда қийноқларга қарши курашишни бўйнига олган давлат ҳисобланиши, ҳар қандай қийноқ ҳолатлари мамлакатнинг халқаро рейтингларига таъсир қилишини урғулади.
“Судланувчилар бир неча марта тергов жараёнида қийноқ бўлганини айтишди. Дастлабки тергов вақтида судланувчиларга нисбатан шафқатсиз қийноқлар воситасида айб қўйилгани ҳақида бир неча бор гапирилди. Шунингдек, гувоҳлар ҳам ўз кўрсатмаларида ҳақиқатдан ҳам 15 сутка давомида Тошкент шаҳар ИИББнинг вақтинча сақлаш ҳибсхонасида қийноқ бўлганини билдиришмоқда. Суд бу ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериши шарт”, дейди Кушербоев
Депутат суд ишни бир томонлама олиб бормаётганини кўрсатиш мақсадида, судланувчилар ИИББда сақланиб қийноққа солингани ва махсус сақлаш жойларига юборилмагани бўйича текширув тайинлаб, жараёнда иштирок этган барча шахслар ҳаракатига адолатли баҳо бериш ва текширув тайинлашни сўради. Шунингдек, у қўшимча қилиб, дастлабки тергов ҳаракатларини олиб борган терговчини судга чақириб, сўроқ қилишни сўради.
Тошкент шаҳар суди апелляция инстанцияси жамоат ҳимоячиси Расул Кушербоевнинг илтимосномасини қисман қаноатлантириб, ажрим қилди. Судланувчиларга нисбатан вақтинча сақлаш ҳибсхонасида жисмоний, руҳий тазйиқлар бўлгани талаби бўйича хизмат текшируви тайинлади. Аммо терговчини чақириб, сўроқ қилиш масаласи рад этилди.
LiveБарчаси