“SHOVOTLANDIA” иши: Суд умрбод қамоқ жазосини ўзгаришсиз қолдирди

3-саҳифа

image

Аввалроқ, 2021 йил 26 февралдан 27 февралга ўтар кечаси Тошкентнинг Чилонзор туманидаги “SHOVOTLANDIA” кафесида содир этилган ёнғин ва унинг оқибатида 5 киши вафот этишида айбдор деб топилган Ф.Сайфиев ва Р.Абдураҳимовнинг оила аъзолари Тошкент шаҳар судига апелляция аризасини киритгани, жорий йилнинг 3 февраль куни ушбу мурожаат асосида илк апелляция суди ўз ишини бошлагани ҳақида хабар берган эдик. 

Қарийб 7 ой давом этган апелляция судини раислик қилувчи Ражабов, ҳайъат аъзоси Мусо Юсупов ва маърузачи судья Ғофур Омонов кўриб чиқди. Бугун, 21 октябрь куни суд апелляция шикоятини кўришни якунлаб, якуний қарорини эълон қилди.

Апелляция инстанцияси ишни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексининг 497-13, 497-17, 497-25, 497-26-моддалари билан ажрим қилди. Унга кўра, биринчи инстанция суди қарори ўзгаришсиз қолдирилди ва шикоят қаноатлантирилмади.

Ажримдан норози тарафлар Жиноят-процессуал кодексининг 497-36-моддаси тартибида Олий судга кассация тартибида шикоят киритишга ёки протест киритишга ҳақли эканини таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур ишни кўрган биринчи инстанция – Жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани суди судьяси З.Бобонов қуйидагича ҳукм чиқарган эди.

Унга кўра, ёнғинга сабабчи сифатида гумон қилинган 36 ёшли Рустам Абдураҳимовга Жиноят кодекси 97-моддаси 2-қисмининг “а, в, д, ж, п” бандлари (қасддан одам ўлдириш), 165-моддасининг 1-қисми (товламачилик), 173-моддаси 2-қисмининг “б, в” бандларида (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилган. Унга ЖКнинг 59-моддаси 4-қисми тартибида тайинланган енгилроқ жазоларни умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан қоплаш орқали узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Шунингдек, 26 ёшли судланувчи Фазлиддин Сайфиев Жиноят кодекси 97-моддаси 2-қисмининг “а, в, д, ж, п” бандлари (Қасддан одам ўлдириш), 173-моддаси 2-қисмининг “б, в” бандларида (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди. Жиноят кодекси 59-моддасининг 4-қисми тартибида тайинланган енгилроқ жазоларни умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан қоплаш орқали узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

489

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг