Шов-шувли проф бокс оқшомида нималар содир бўлди? (фотогалерея)

Спорт

b1

Кеча, 17 декабрь куни “Matchroom Boxing” компанияси томонидан Тошкентда профессионал бокс оқшоми ташкил этилди. 

Кечанинг марказий жангида ўрта вазн тоифасида Исроил Мадримов (8-0-0) франциялик Мишель Сорога (35-3-1) қарши баҳс олиб борди. Мадримов 9-раундда рақибини техник нокаутга учратди. У рақибига бир нечта кучли зарбалар йўллади ва рефери жангни тўхтатди.

Қизиқ  томони шундаки, рефери Салвадор Салванинг ҳаракатлари туфайли жангнинг якуни икки жамоа вакиллари ҳамда мухлислар ўртасида баҳс-мунозараларни келтириб чиқарди.

Жанг тенг курашлар остида ўтди. Мадримовнинг зарбалари кучлироқ кўринса-да, ҳар икки боксчида ҳам ғалаба учун яхши имкониятлар бўлди ва жангнинг иккинчи ярмида Соро фаоллашди. Тўққизинчи раунднинг сўнгги сонияларида Мадримов рақибни кучли зарбалари билан мувозанатдан чиқарди. Аммо на боксчилар, на ҳакам бонг овозини эшитмагандек туюлди. Сўнг, рефери жангни тўхтатди.

Ҳакамларнинг узоқ мулоҳазадаридан кейин Мадримовнинг техник нокаут билан қозонган ғалабаси тан олинди ва бу Соро жамоасининг эътирозларига сабаб бўлди. Саккизинчи раунддан сўнг икки нафар рефери Мадримовнинг 78:74 ва 76:75 ҳисобида олдинда бораётгани, учинчиси эса 76:76 ҳисобидаги дуранг натижани қайд этгани ойдинлашди. Мадримов франциялик боксчига ҳурмати баланд экани ва у билан реваншга тайёрлигини маълум қилди.

“Co-main event” жангида Шаҳрам Ғиёсов (12-0-0) 100:90, 100:90 ва 99:91 ҳисобида аргентиналик Кристиан Кория (29-9-2) устидан ғалаба қозонди ҳамда уни Криштиану Роналду услубида нишонлади.

Олимпиада чемпиони Ҳасанбой Дўсматов (4-0) бешинчи раунддаёқ техник нокаут билан навбатдаги ғалабасини қўлга киритди ва ўзининг биринчи енгил вазн тоифасида WВА International камарини Хосе Ривасга (18-13-4) қарши жангда ҳимоя қилди. Дўсматов жангдан сўнг берган интервьюсида кейинги баҳсда чемпионлик камари учун рингга кўтарилиши мумкинлигини айтиб ўтди.

Бектемир Мелиқўзиев (8-1-0) эса Сергей Екимов (18-4-0) устидан 80:72, 80:72 ва 80:71 ҳисобида бир овоздан ғалаба қозониб, профессионал рингдаги илк мағлубиятидан сўнг, муваффақиятли қайтишни амалга оширди.

Проф боксда ўзининг 8-жангини ўтказган Элнур Абдураимов филиппинлик Жон Геминога (22-13-1) қарши рингга кўтарилиб, 6-раундда  уни нокаутга учратди.

Шунингдек, проф боксда 2-жангида рингга кўтарилган Иқболжон Холдоров Димитрий Милиушани (9-6-1) 1-раунддаёқ нокаутга учратди.

Оқшомнинг дастлабки жангида эса Дилшодбек Рўзметов россиялик Максим Смирновни (8-11-3) мағлубиятга учратди. 6 раунд давом этган баҳсда барча ҳакамлар Рўзметовнинг ғалабасини қайд этишди.

Маълумот учун, бокс оқшомига қадар Мишель Соро WBA рейтингида биринчи, Исроил Мадримов эса 2-поғонани эгаллаб турган эди. Катта эҳтимол билан боксчилар ўртасида реванш жанги ташкил этилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Шаҳрам Ғиёсов Исроил Мадримов Элнур Абдураимов Бектемир Мелиқўзиев Ҳасанбой Дўсматов WBA Проф бокс Иқболжон Холдоров

Баҳолаганлар

407

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг