“Шотландиялик” компаниялар фирибгарлик схемаси билан Ўзбекистонда ишламоқда – “openDemocracy”

Жамият 9524
image
-

Буюк Британия Ўзбекистондаги “Шотландия” компанияларидан хавотирда. Бу ҳақда “openDemocracy” суриштирув ишида сўз боради.

Мақолада 2020 йил кузида Жаҳон банки томонидан уч йил муддатга қора рўйхатга киритилган “NovoLine Resources” компанияси мисол қилиб келтирилган.

“NovoLine Resources” Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг анестезиологик ва респиратор ускуналарни етказиб бериш танловида ютиб чиққанди. Шундан сўнг харидларни молиялаштирган Жаҳон банкининг аниқлашича, компания қалбаки ҳужжатлар, жумладан, сохта молиявий ҳисоботларни тақдим этган.

“Буюк Британияда рўйхатдан ўтган компаниялар хорижда ноқонуний мақсадларда фойдаланилаётгани тўғрисидаги хабарлар тобора кўпаймоқда”, дейди шотландиялик депутат Элисон Тюлисс.

Унинг фикрича, ҳукумат бу масалани ҳал қилиши керак, чунки гап Буюк Британиянинг хусусий бизнесни юритиш борасидаги обрўси тўғрисида кетмоқда.

Мақола муаллифларининг ёзишича, “NovoLine Resources” аслида кимга тегишли экани ёки Жаҳон банки молиялаштирган шартномалардан даромадни ким қўлга киритганини аниқлашнинг имкони йўқ. Фирманинг на сайти, на телефон рақами ва на электрон почта манзили бор. Компания Эдинбургдаги бинода рўйхатдан ўтказилган бўлиб, у ерда итларни парваришлар бизнеси иш олиб бормоқда.

Мақолада қайд этилишича, икки йил олдин бошқа бир халқаро ташкилот – БМТ Тараққиёт дастури Ўзбекистонда фирибгарлик схемаларини амалга оширган тўртта “шотланд” фирмасига санкция қўллаган. “NovoLine Resources” каби уларнинг барчаси масъулияти чекланган шериклик ёки SLP ҳисобланади. Бу каби корхоналарни интернетда 1000 еврога харид қилиш мумкин.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 404
Рейтинг: 3
t
×