Шомуродов ассист қайд этган ўйинда “Специя” А Серияни тарк этадиган бўлди
Спорт
−
12 Июнь 2023
6193Италия А Сериясида қолиш учун кечган баҳсда таркибида ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродов бўлган “Специя” кеча, 11 июнь куни “Верона”га қарши баҳс олиб борди.
“Специя” ва “Верона” жамоалари 2022/2023 йилги мавсумда А Серия якунларига кўра 38 турда 31 очкодан йиғиб, 17 ҳамда 18-поғоналардан жой олди.
Якунига етган мазкур мавсумда бир хил очко жамғарган клубларга янгича регламент қоидалари асосида, лигада қолиш ўйини белгиланди.
Учрашув аввалида вероналиклар анча фаол ўйнади ва 5-дақиқада Давиде Фараони “Специя” дарвозасини ишғол қилди. Элдор Шомуродовнинг 15-дақиқада йўллаган аниқ узатмасини Итан Ампаду голга айлантириб, ҳисобни тенглаштирди. Бироқ биринчи бўлим якунига қадар “Верона” фарқни 2 тага ошириб қўйди.
Учрашувнинг иккинчи бўлимида Шомуродов рақиб дарвозабони билан бирга-бир вазиятга чиқиб борди ва у йўллаган тўпни вероналик ярим ҳимоячи Давиде Фараони қўли билан қайтариб қолди. Ҳакам томонидан пеналти белгиланди ва Фараони ўйиндан четлатилди.
Ўзбекистонлик ҳужумчи ишлаб берган пеналтини жамоадоши М'Бала Нзола муваффақиятли амалга ошира олмади. Ўйин сўнггигача ҳисоб ўзгаришсиз, 1:3 лигича қолди.
Шу тариқа “Специя” А Сериядаги уч мавсумдан кейин қуйи лига, Б Серияга кетадиган бўлди.
Муҳсинжон Умурзоқов
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15