Шольц ва Эрдўған Россиянинг ядро сиёсати ҳақида “дардлашди”

Олам

image

Кеча, 1 ноябрь куни Германия канцлери Олаф Шольц ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған телефон орқали суҳбатида Россиянинг ядровий риторикасини қоралади. Бу ҳақда Германия ҳукумати матбуот котиби Штеффен Хебештрайт хабар берди.

“Германия канцлери ва Туркия Президенти Россиянинг ядровий риторикаси "масъулиятсизлик" деган қарорга келишди”, дейди Хебештрайт.

Суҳбат давомида Шольц Россиянинг Украина "ифлос бомба" деб аталадиган нарсадан фойдаланишга тайёрланаётгани ҳақидаги даъволарини қатъиян рад этган.

Бундан ташқари, томонлар “дон келишуви”га ҳам тўхталиб ўтиб, Германия канцлери Туркиянинг келишув доирасида Украина донининг келгусида экспорт қилинишини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаган.

Маълумот учун, 23 октябрь куни Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу Франция, Туркия, Буюк Британия ва АҚШ Мудофаа вазирларига қўнғироқ қилиб, Украина гўёки радиоактив моддалар ёки чиқиндилар билан тўлдирилган “ифлос бомба” ёрдамида провокация тайёрлаётгани ҳақида огоҳлантирди. Лекин Россия Мудофаа вазирлиги ўз қўрқувини ўша пайтда ҳеч қандай далил билан тасдиқламаган.

Украина ўз ўрнида айбловларни қатъиян рад этиб, уларни “хавфли ёлғон” деб атаган. Президент Зеленский Европада фақатгина битта субъект ядро бомбасидан фойдаланиши мумкинлигини айтди. Киев Украинада “ифлос бомба” ишлаб чиқарилмаганига ишонч ҳосил қилиш учун Халқаро атом энергияси агентлиги инспекторларини мамлакатга ташриф буюришга таклиф қилди.

АҚШ, Франция ва Буюк Британия ташқи ишлар вазирлари биргаликда Шойгу Киевнинг Москвани ядровий бомба билан обрўсизлантириш нияти ҳақидаги сўзлари “ҳақиқатга тўғри келмаслигини” таъкидлади. Йенс Столтенберг НАТО Бош котиби Москва бу айбловларни можарони кучайтириш учун баҳона сифатида ишлатмоқчи, деган фикрни билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

73

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг