Шольц Украина учун янги Маршалл режасини тузишга чақирди
Олам
−
25 Октябрь 2022
3838Германия канцлери Олаф Шольц жаҳон ҳамжамиятини Россия тажовузи оқибатида вайрон бўлган инфратузилмани тиклашда Украинага кенг кўламли ёрдам кўрсатишга чақирди. Бу ҳақда у бугун, 25 октябрь куни Берлинда Украинани қайта тиклаш бўйича халқаро конференцияда айтди.
“Ушбу конференциянинг мақсади XXI аср учун Маршалл режасини яратишдир. Украинага Европа Иттифоқи аъзоси сифатида содиқлик бизнинг замонамизнинг энг изчил геосиёсий қарорларидан биридир”, дейди Шольц.
Унинг таъкидлашича, уруш ҳали ҳам давом этаётганига қарамай, Украинани тиклашни ҳозирдан бошлаш керак.
Олаф Шольц Украинанинг ҳалокатли учувчисиз бомбардимонини Россия учун умидсизлик ҳаракати деб атаган, лекин айни пайтда Германия тарихининг ўзи ҳалокатли урушдан кейин ҳам тикланиш мумкинлигини кўрсатганини таъкидлаган.
“Украинанинг фаровон ва демократик ЕИ аъзоси, яшил энергия ва юқори технологияли маҳсулотлар экспортчиси сифатида келажагини режалаштириш муҳим”, дейди Германия ҳукумати раҳбари.
Маршалл режаси – Иккинчи жаҳон урушидан кейин Европани АҚШ ва Канаданинг иқтисодий ёрдами билан тиклаш ва ривожлантириш дастури. Бу режани 1947 йил 5 июнда АҚШ давлат котиби, генерал Ж. К. Маршалл ишлаб чиққан ва уни амалга ошириш 1948—1951 йилларга мўлжалланган. Режа доирасида Ғарбий Европа давлатларига 17 млрд доллар ёрдам берилган.
LiveБарчаси