Шольц Си Цзиньпиндан Путинга таъсир ўтказишни сўради

Олам

image

Германия канцлери Олаф Шольц Хитой раҳбари Си Цзиньпинни Россия Президенти Владимир Путинга таъсир ўтказишга ва уни Украинадаги урушни тугатишга ишонтиришга чақирди. Бу ҳақда унинг ўзи ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.

"Хитойнинг сўзи Россияда оғир тош босади. Шунинг учун мен Сидан Россияга босим ўтказишни сўрадим, шунда Путин ниҳоят ўзининг ақлдан озган кампаниясини тўхтатиб, қўшинларини олиб чиқиб, бу даҳшатли урушни тўхтатади", деб ёзди Шольц.

Канцлернинг сўзларига кўра, Си Цзиньпин июнь ойи ўрталарида Швейцарияда бўлиб ўтадиган Украина бўйича тинчлик конференциясини ҳам қўллаб-қувватлашга рози бўлган. 

"Хитой ва Германия Швейцарияда юқори даражадаги конференция ва келажакда халқаро тинчлик конференцияларини ташкил этишга кўмаклашиш бўйича саъй-ҳаракатларни жадал ва ижобий мувофиқлаштириш ниятида", дейди Шольц.

Германия канцлери ва Хитой Халқ Республикаси Раиси ўртасидаги учрашув Олаф Шольцнинг Хитойга уч кунлик сафарининг якуний кунида бўлиб ўтди. Украинадаги урушдан ташқари, бир неча вазирлар ва бизнес делегацияси ҳамроҳлигида етакчилар Германия ва Хитой ўртасидаги иқлимни муҳофаза қилиш ва иқтисодий ҳамкорликни муҳокама қилди.

Ўз баёнотларига кўра, Хитой Украинадаги урушда нейтрал позицияни эгаллайди. Ғарб Пекинни Россиянинг қўшни давлатга кенг кўламли бостириб киришини ҳали расман қораламагани ва Украинадаги икки йиллик уруш давомида Россия билан иқтисодий ва стратегик ҳамкорликни кучайтиргани учун танқид қилади.

Германия канцлери билан учрашув чоғида Си Цзиньпин бутун инсоният учун хавф туғдирувчи “янги нотинчлик ва бузилишлар даври”даги турли муаммоларни ҳал қилишда йирик давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик муҳимлигини эътироф этди. 

"Биргаликда биз Ер юзида кўпроқ барқарорлик ва хавфсизликни таъминлай оламиз", деган у.

Си Цзиньпин Хитой мавжуд сиёсий келишмовчиликларга қарамай, Германия билан ҳамкорликка таянишини қўшимча қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия Россия Владимир Путин Хитой Украина Си Цзиньпин Олаф Шольц

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг