Шольц Германия Россияга қарши “заиф нуқтаси”дан қутулганини эълон қилди
Олам
−
20 Октябрь 2022
19161Германия канцлери Олаф Шольц мамлакат энди Россия газига қарам эмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда “Kommersant” сайтида келтирилган.
Унинг сўзларига кўра, Берлин ҳозирда энергия нархини пасайтириш, жумладан, бошқа давлатлар билан газ етказиб бериш бўйича янги шартномалар тузиш устида ишламоқда.
Шольц нутқи давомида Европа Иттифоқи газ истеъмолини 15 фоизга камайтириш бўйича келишувга эришганини айтиб ўтган. У буни “Европа бирдамлиги” учун, жумладан, ҳанузгача Россия газига қарам бўлиб қолаётган Германия учун ҳам кучли сигнал эканини қўшимча қилган.
“Илтимос, эътибор беринг. Ахир, биз ўзимизни бу қарамликдан халос қилдик ва қишга яхши тайёргарлик билан киряпмиз”, дейди Шольц.
Шунингдек, у фуқароларга энергияни тежаганликлари учун миннатдорлик билдириб, биргаликда газ сарфини 20 фоизга камайтириш кераклигини таъкидлаган.
Канцлер нутқида Европа Иттифоқининг газ нархини чеклаш таклифи ҳақида ҳам гапириб ўтган. Унинг фикрича, бундай механизм энергия ресурсларига рақобат пайдо бўлмаслиги учун фақат Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган давлатлар билан ҳамкорликда амал қилиши мумкин. Бундай давлатларга у Жанубий Корея ва Японияни мисол қилиб келтирган.
Олаф Шольцнинг фикрича, Европанинг пандемияга қарши кураш жамғармаси маблағлари энергия инқирозини енгиш учун ишлатилиши керак. Унга кўра, ҳозиргача жамғармадан барча пулларнинг фақат бешдан бир қисми сарфланган ва 600 миллиард евродан ортиқ маблағ мавжуд.
LiveБарчаси