Туркий давлатлар орасига совуқчилик тушдими? Ёхуд ШКТР можароси – 2
Таҳлил
−
24 Май 9415 10 дақиқа
20-21 май кунлари Венгрия пойтахти Будапешт Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитига мезбонлик қилди. Ташкилотнинг Европанинг юрагида ўтказилган илк саммити жорий йилнинг 3-4 апрель кунлари Самарқандда ўтган ва катта шов-шувларга, эътирозларга сабаб бўлган “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” биринчи саммити ва унда қабул қилинган қарорларга, Европа Иттифоқининг Туркиядан бошқа давлат томонидан тан олинмаган Шимолий Кипр Турк Республикасига қарши ташлаган қадамларига нисбатан ҳайқириқ бўлди. Бугун шулар ҳақида гаплашамиз.
Ёдингизда бўлса, Самарқандда ўтган “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” биринчи саммити якунлари бўйича қабул қилинган декларацияда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан биргаликда Шимолий Кипр Турк Республикасини тан олмасликка келишиб олди.
Гап шундаки, саммит якунлари бўйича Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Республикаси Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Европа кенгаши президенти Антониу Кошта, Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляйен, Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо томонидан қабул қилинган баёнотнинг 4-бандида барча давлатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига халқаро ва минтақавий доирадаги ҳар қандай форумларда ҳурмат кўрсатиш, шунингдек, бу тамойилларга зид ҳаракатлардан тийилиш мажбурияти олинган.
“Худди шу руҳда, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 541(1983) ва 550(1984)-сонли резолюцияларига содиқлигимизни яна бир бор тасдиқладик. Минтақавий ҳамкорлик тузилмалари доирасида иштирок этишда ушбу халқаро тамойилларга риоя қилиниши кераклигини таъкидладик – бу эса ЕИ ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатлар ривожида муҳим аҳамиятга эга. Шу муносабат билан Туркманистон ўзининг халқаро мажбуриятларини доимий бетарафлик мақоми тамойилларига қатъий мувофиқ амалга оширишини эслатди”, дейилади баёнотнинг айнан 4-бандида.
Ушбу икки резолюция Шимолий Кипр Турк Республикасининг мустақиллигини тан олмаслик ва ушбу ҳудуд билан ҳар қандай шаклда ҳамкорлик қилмасликни англатади. Бугунгача эса фақатгина Туркия Шимолий Кипр Турк Республикасини тан олган ягона давлат сифатида қолмоқда.
Тожикистондан бошқа Марказий Осиё давлатларининг барчаси, аниқроқ айтадиган бўлсак, Туркий давлатлар ташкилотида аъзо ва кузатувчи мақомига эга мамлакатлар – Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Ўзбекистон (аъзолар), Венгрия ва Туркманистон (кузатувчилар) Шимолий Кипр Турк Республикасини ташкилотда кузатувчи сифатида кўриб келади. ШКТР 2022 йилнинг ноябрь ойида Самарқандда ўтган саммитда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг қистови билан ташкилотда кузатувчи мақомини олган.
Шунга қарамай, Марказий Осиё мамлакатлари Европа Иттифоқи билан жорий йил апрель ойида қабул қилинган баёнот орқали ШКТРни тан олмаслик ва у билан ҳар қандай шаклда ҳамкорлик қилмаслигини тасдиқлади. Қолаверса, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон шу йил бошидан буён Европа қўлловидаги Кипрга илк бор элчиларни тайинлади.
Марказий Осиё давлатларининг, хусусан, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо ва кузатувчи бўлган 4 давлатнинг бу хатти-ҳаракати Туркияда катта шов-шув ва эътирозларни келтириб чиқарди. Сиёсатчилар буни Туркиянинг юзига тарсаки, деб қабул қилди, ташкилотни самарасизликда айблади. Ҳатто, гап “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” саммитида қабул қилинган ҳужжатлар, иқтисодий келишувлар, Европа Иттифоқининг Марказий Осиёга киритадиган 12 млрд евролик инвестициясига бориб тақалди ва бу давлатлар Туркий бирлик тақдирини 12 млрд га алмашганликда айбланди. Эрдўған бу ҳолатларга умуман изоҳ бермади, тўхталмади.
Фақат Туркиянинг собиқ мудофаа вазири, Буюк Миллат Мажлиси (парламент)нинг Миллий Мудофаа Комиссияси раиси Ҳулуси Акар 15 апрель куни Озарбайжон пойтахти Баку шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар парламент ассамблеясига (ТУРКПА) аъзо парламентлар Миллий мудофаа ва хавфсизлик масалалари комиссияси раисларининг “Туркий давлатлар ўртасида хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш: парламентларнинг ўрни” мавзусидаги 2-йиғилишида бу масалага тўхталиб, шундай деди:
“...Европа Иттифоқининг Жанубий Кипр румларининг воизи сифатида ҳаракат қилишини ва Шимолий Кипр Турк Республикасини ўз тадбирларига таклиф қилмаслиги учун туркий дунё давлатларига босим ўтказишга ҳаракат қилишини қабул қила олмаймиз. Бу босимларга чек қўйиш учун Шимолий Кипр Турк Республикасининг туркий дунё томонидан аниқ ва кучли тан олиниши ҳамда туркий дунё халқаро ташкилотларида тўлақонли аъзолик стратегияси билан ўз ўрнини эгаллаши барчамиз учун тарихий масъулиятдир”, дейди у.
Шимолий Кипр Турк Республикаси раҳбари Эрсин Татар эса Марказий Осиё давлатлари, хусусан туркий республикаларни Греция, Европа Иттифоқи ва Кипрдан эҳтиёт бўлишга чақирди.
“Туркий давлатлар Греция томони билан муносабатларида бироз эҳтиёткор бўлишлари керак. Улар Европа Иттифоқи билан алоқада бўлиши мумкин. Европа Иттифоқи иттифоқдир, лекин у 800 минг аҳолиси бўлган юнонлар суверенитети остида эмас. Туркий давлатлар ҳам Кипр юнонлари билан алоқа ўрнатиши мумкин, аммо улар эҳтиёт бўлишлари керак, чунки Кипр юнонлари ўйнаган ўйин бутунлай бошқача. Аслида, греклар ўйнаётган ўйин ғайриинсонийдир. Румларга Кипр Турк халқининг ҳуқуқ ва қонунлари туркий давлатлар томонидан рўйхатга олинмагунча кутишлари айтилиши керак. “Келишув бўлганидан кейин яна кўришамиз”, қабилида муомала қилиниши керак, менимча”, дейди Татар.
Ушбу гап-сўзлар фонида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси вице-спикери Алишер Қодиров муносабат билдириб, туркий давлатларнинг бирлиги ва ҳамжиҳатлиги учун Марказий Осиё иқтисодий қудратли минтақага айланиши кераклигини айтиб чиқди. Қодировга кўра, туркий дунё етарли даражада синалиб бўлган, энди мустаҳкам ишонч илдиз отиши керак.
“Имконияти бўлмагани учун Туркистонни босиб олинишига рози бўлган Туркия, Марказий Осиё нима учун Шимолий Кипр ва Қиримни алоҳида тарозиларда торта олмаслигини тўғри тушуниши керак”, дейди депутат.
Шимолий Кипр Турк Республикасининг тан олинмаслиги ва у билан ҳамкорлик қилмаслик тасдиқланган “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” саммитидан бир ой ўтиб, 1-2 май кунлари Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгашининг 17-йиғилиши Шимолий Кипр Турк Республикасининг (ШКТР) пойтахти сифатида юритиладиган Лефкоша (Никосия) шаҳрида бўлиб ўтди ва унда Ўзбекистондан ҳам вакил иштирок этди. Тадбир ортидан 3 май куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам Шимолий Кипр Турк Республикасига борди.
Будапештдаги норасмий саммитга келсак, унда Шимолий Кипр Турк Республикасидан ҳеч ким иштирок этмади. Ҳолбуки, Эрсин Татар аллақачон ташкилот саммитларида давлат ва Ҳукумат раҳбарлари столидан ўрин олишни, сўзга чиқишни бошлаган эди. Шунингдек, Туркманистондан ҳам на Президент Бердимуҳамедов ва на Халқ маслаҳати раиси – ота Бердимуҳамедов иштирок этди. Туркманистоннинг иштирок этмаслиги катта эҳтимол билан доимий бетарафлик мақоми ва Европа Иттифоқи – Марказий Осиё саммитида қабул қилинган ҳужжатда ҳам шу мақомни Шимолий Кипр Турк Республикасига оид бандга нисбатан ҳам сақлаб қолгани билан боғлиқ бўлса, ШКТРнинг иштирок этмаслиги, катта эҳтимол билан Европа Иттифоқига аъзо бўлган Будапештнинг Иттифоқнинг мавжуд қоидаларини босиб ўтолмаслиги, мамлакатда тан олинмаган ва тан олинмаслиги тасдиқлаб қўйилган ҳудуд раҳбарига мезбонлик қилолмаслиги билан боғлиқ. Шундай бўлса-да, Европанинг юрагида ўтган саммитда Шимолий Кипр Турк Республикаси номи тилга олинмади, деб ўйласангиз адашасиз. Саммитда қабул қилинган ҳужжатлар билан Шимолий Кипр Турк Республикаси Туркий Академияда кузатувчи мақомини олди. Албатта, бу катта мақом эмас, академиянинг фаолияти ҳам у қадар самарали кечяпти, деб айтолмаймиз. Аммо бу ерда муҳим бўлган жиҳат, Европа тиш-тирноғи билан қарши бўлган ҳудуд Европанинг ўзида эътироф этилиб, алқанаётгани. Қолаверса, унинг номи қўрқмай, баланд овозда тилга олиниб, қаршиликларга қарамай, ташкилотга қабул қилиш масаласи Европада янграётгани.
“Туркий дунёнинг оилавий фотосурати Шимолий Кипр Турк Республикасисиз тўлиқ бўлмаслигига ишонамиз. Шу сабабли, Шимолий Кипр Турк Республикасининг Туркий Академияда кузатувчи мақомини олишига доир бугун саммитимизда қабул қилган қароримизни жуда муҳим қўшимча қадам сифатида кўряпмиз. Умид қиламанки, Шимолий Кипр Турк Республикасини ташкилотимизга тўлақонли аъзо сифатида қабул қиладиган кунни узоқ бўлмаган келажакда ҳам кўрамиз”, дейди Эрдўған.
Энди савол туғилади: агар саммит норасмий бўлса, нега унда расмий ҳужжатлар қабул қилинди. Бу кузатилмаган жараён эмас, албатта, бироқ Будапештдаги йиғиннинг бошқа норасмий йиғинлардан фарқи шундаки, унга расмий мақом берилиши ва йиғинда ШКТР масаласининг кўтарилиши Венгриянинг Европа Иттифоқидаги иштироки ва бошқа иттифоқдошлари билан муносабатларига салбий таъсир қиларди. Бу маънода Орбан саммитга норасмий мақом бериш ва унга ШКТРни чақирмаслик орқали ўзини ортиқча интригалардан анча иҳоталашга уринди.
Бироқ Туркий давлатлар ташкилоти Будапешт саммити якунлари бўйича қабул қилинган декларацияда, халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган, Венгрия ва Туркманистон билан бир қаторда ТДТда кузатувчи мақомига эга бўлган Шимолий Кипр Турк Республикасини туркий дунёга тўлиқ интеграция қилиш истагини тасдиқланди.
Ҳужжатга кўра, ТДТ мамлакатлари иқтисодий ва молиявий ҳамкорликни ривожлантириш ниятини тасдиқлади.
Бундан ташқари, ҳужжатда Суриянинг ҳудудий яхлитлигини сақлаш ва бу давлатга қарши санкцияларни бекор қилиш, шунингдек, Исроил ва Фаластин ўртасидаги можарони икки давлатнинг ёнма-ён яшаши ва фаластинликларнинг нафақат Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида, балки Ғазо секторида яшаш ҳуқуқини ҳурмат қилиш асосида ҳал этиш талаб этилади. Учрашув иштирокчилари шу мақсадда махсус тузилган ишчи гуруҳ ёрдамида Афғонистон билан муносабатларга умумий ёндашувни ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Саммит сўнгида иштирокчи давлатлар раҳбарлари Афғонистон бўйича қўшма баёнотни ҳам қабул қилди.
Унга кўра, Туркий давлатлар ташкилоти Афғонистон Туркий дунё учун қўшни ва қардош давлат эканини ифода этиб, кўп асрлик дўстлик ришталари, умумий тарих, дин, урф-одатлар ва қадриятлар, Афғонистоннинг кўп миллатли таркибини, жумладан туркийларни ҳам юқори баҳолаб, нафақат мамлакатнинг бой ранг-баранглигига ҳисса қўшадиган, балки ўзига хосликни ҳам ташкил этадиган гуруҳлар Афғонистоннинг аъзо давлатлар ва кузатувчилар билан мустаҳкам ва яқин муносабатлари учун кўприк бўлиши, ТДТ аъзолари ўз давлатларининг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилинишини тасдиқлаган ҳолда ва БМТ Низоми қоидаларига мувофиқ Афғонистоннинг миллий бирлиги, барчага хизмат қиладиган ва жалб этадиган бошқарув шаклини ўрнатиш муҳимлигини таъкидлаб, Афғонистон фуқаролари ва барчанинг инсон ҳуқуқларини ҳеч қандай фарқсиз ҳурмат қилиш, терроризм таҳдидини бартараф этиш ва мустаҳкамлаш муҳимлигини билдириб, терроризмга қарши курашни мувофиқлаштириш, шу билан бирга де-факто ҳокимиятнинг саъй-ҳаракатларини қайд этиш, Афғонистонда хавфсизликни яхшилаш, кўкнорига киритилган тақиқни амалга оширишда сезиларли ютуқларга эришилганини қайд этиб, етиштириш ва Афғонистонда наркотик моддалар ишлаб чиқариш, савдоси чеклаш бўйича кейинги саъй-ҳаракатлар зарурлигини яна бир бор таъкидлайди.
Лидерлар Афғонистондаги гуманитар вазиятдан жиддий хавотирда эканликларини билдириб, халқаро ҳамжамият томонидан инсонпарварлик ёрдами кўрсатишни давом эттириш зарурлигини таъкидлаб, мамлакатдаги иқтисодий шароитнинг яхшиланиши афғон халқига, жумладан, кўчирилган афғонларнинг ихтиёрий равишда ватанига қайтарилиши ва уларнинг барқарор реинтеграциясига кўмаклашиш орқали фойда келтиришини қайд этди.
Шу ўринда яна бир масалага эътибор қаратиш лозим. Туркий давлатлар ташкилотининг саммитлари унда биринчи хонимларнинг иштирок этиши билан ҳам бошқа тадбирлардан фарқли кўриниш олади. Давлат раҳбарлари сиёсий, иқтисодий, хавфсизлик каби ўнлаб масалалар, жаҳонда содир бўлаётган урушларни муҳокама қилаётган бир пайтда биринчи хонимлар бир стол атрофига жамланиб чой ичиши, либослар, миллий буюмлар, тасвирий ва амалий санъат кўргазмаларида, экология, ногиронлиги бор шахслар, болалар ва аёллар ҳуқуқлари каби ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларда иштирок этиши одат тусига кирган. Бундай тадбирларда Туркия Президентининг рафиқаси Эмина Эрдўған ва Ўзбекистон биринчи хоними Зироат Мирзиёева бошқалардан анча фаол. Сўнгги вақтларда улар қаторига Қирғизистон биринчи хоними Ойгул Жапарова ҳам қўшилган. Бу сафар саммитга фақат Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев рафиқаси Меҳрибон Алиевани олиб келмади. Тўқаев эса ҳеч қачон ҳеч қаерга турмуш ўртоғини олиб бормаган. Гарчи Орбан, Мирзиёев, Эрдўған, Жапаровнинг рафиқаларида Будапештда бўлса-да, улар ҳеч жойда биргаликда кўриниш бермади. Ё улар учрашмаган, ё бу галги учрашувлар камераларсиз ўтган. Фақатгина Туркия Президенти сайтида эълон қилинган битта суратда Венгрия давлат операсида ўтказилган маданий тадбирда Эмина Эрдўған, Ойгул Жапарова ва Анико Леваи турмуш ўртоқларига ҳамроҳлик қилганини кўриш мумкин. Ўзбекистон Президенти ва унинг рафиқаси бу тадбирда иштирок этган-этмагани ҳақида аниқ маълумот ва суратлар йўқ.
Яна шунга ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш ўринлики, Будапештда меҳмон бўлган Президентларнинг Бош вазир Виктор Орбан билан тор ва кенгайтирилган доираларда учрашувлари бўлиб ўтди. Бироқ ҳеч бир Президент ўзаро яккама-якка учрашувларда иштирок этмади. Қолаверса, матбуот хизматлари президентларнинг аввалгидек ўзаро самимияти, расмий тадбирлардан ташқаридаги суҳбатлари акс этган кадрларни эълон қилмади.
Live
Барчаси