Шимолий ва Жанубий Кореяни бирлаштиришнинг янги режаси ишлаб чиқилади
Олам
−
27 Январь 2023
14656Жанубий Корея Республикаси Бирлашиш вазирлиги бугун, 27 январь куни Шимолий ва Жанубий Кореяни бирлаштиришнинг ўрта ва узоқ муддатли янги режасини шу йил ичида ишлаб чиқишини маълум қилди. Бу ҳақда ташкилотнинг 2023 йилга мўлжалланган мақсадларига бағишланган ҳисоботида хабар берилди.
Қайд этилишича, “Бирлашиш бўйича янги келажак ташаббуси” деб номланувчи режани шакиллантириш учун йилнинг биринчи ярмида жамоатчилик ва мутахассисларнинг фикри ўрганилади. Жанубий Корея ҳукумати режа эркинлик, инсон ҳуқуқлари, очиқлик ва мулоқот каби умуминсоний қадриятларга асосланиши ҳамда тинч, демократик бирлашишга қаратилишини таъкидлайди.
Бундан ташқари, режага киритиладиган вазифалар орасида Жануб ва Шимол ўртасидаги муносабатларни нормаллаштиришга кўмаклашиш ҳам назарда тутилган.
“Ҳозирда боши берк кўчага кириб қолган Кореялараро муносабатлардан чиқиш учун биз Шимол билан жамоат ва халқаро ташкилотлар орқали ҳам бевосита, ҳам билвосита алоқаларни ўрнатишга интиламиз”, дейилади вазирлик хабарида.
Шунингдек, Жанубий Корея Президенти маъмурияти томонидан фуқоролар орасида бирлашишга тўғри қарашни шакллантириш, Шимолий Кореяда эса инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилаш режага киритиладиган энг устувор вазифалар қаторига киради.
Бундан ташқари, Бирлашиш вазири Квон Ёнг Се унинг идораси ўтган йили Кореялараро муносабатларда кўплаб қийинчиликлар бўлгани ва бу йил ҳам давом этиши кутилаётганига қарамай, ядросиз, тинч ва фаровон Корея ярим оролини яратишга тайёрлигини айтган.
Маълумот учун, Бирлашиш вазирлиги Корея ҳукуматининг Корея бирлашувига ёрдам беришга қаратилган ижроия бўлими ҳисобланади. У биринчи марта 1969 йилда Парк Чунг Хи бошқаруви остида Миллий бирлашма кенгаши сифатида ташкил этилган. 1998 йилда эса вазирлик мақомини олган ва ҳозиргача Кореялараро мулоқот, алмашинув ва ҳамкорликни ривожлантиришда катта рол ўйнаб келмоқда.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь