Шимолий Македония яна рус дипломатларини қувди

Олам

image

Шимолий Македония яна олти нафар россиялик дипломатни “персона нон грата” деб эълон қилди. Бу ҳақда ТАСС республика Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотга асосланиб, хабар берди.

“Бугун Россия Федерациясининг мамлакатдаги элчиси Сергей Баздникин ТИВга чақирилиб, унга Россиянинг Скопьедаги элчихонасининг олти нафар дипломатини “персона нон грата” деб эълон қилган дипломатик нота топширилди. Ваколатли органлардан олинган маълумотларга кўра, ушбу шахслар Дипломатик муносабатлар тўғрисидаги Вена конвенциясига зид бўлган фаолиятни амалга оширган ”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, бу шахслар яқин беш кун ичида Шимолий Македония Республикаси ҳудудини тарк этиши керак.

Мазкур ҳолатга жавобан Россия Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот котиби Мария Захарова Россия тез орада жавоб чораларини кўришини айтди.

Эслатиб ўтамиз, 28 март куни Россиянинг Скопьедаги элчихонаси матбуот котиби Илья Серов Шимолий Македония ҳукумати беш нафар россиялик дипломатни чиқариб юборишга қарор қилганини айтган эди. Ўшанда тақдим этилган нотада Россия элчихонасининг беш ходими “персона нон грата” сифатида қайд этилган. Дипломатлар республика ҳудудини беш кун ичида тарк этишлари ҳам белгиланганди.

Маълумот учун, 2021 йилда Шимолий Македония ҳукумати икки марта Россия элчихонаси ходимларини чиқариб юборган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

112

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг