Шимолий Кореяда жангга киришни хоҳловчилар сони 1,4 миллиондан ошди
Олам
−
20 Март 2023
8524Аввал хабар қилганимиздек, Шимолий Кореяда бир кун ичида 800 мингга яқин ёшлар армияга қўшилиш учун ариза берган эди. Эндиликда уларнинг сони янада ортиб, 1,4 миллионга етди. Бу ҳақда Корея марказий ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Шимолий Кореяда ёшлар “АҚШ империалистлари ва уларнинг сотқин жанубий кореялик қўғирчоқлари”га нисбатан ғазаб ва душманлик туфайли ҳарбий хизматга киришга интилмоқда. Мамлакат бўйлаб кўнгиллилар сони кундан-кунга ортиб бормоқда ва улар АҚШ ва Жануб билан жангда бир асрлик ғалабага эриш ниятида. Ёшларнинг армияда хизмат қилишга интилиши гўёки “Ватанга иссиқ меҳр ва душманга совуқ нафрат” билан кучайиб, ёш авлоддаги ватанни ҳимоя қилиш иштиёқини намоён этган. Республикада ана шундай кишилар учун оммавий йиғинлар уюштирилган.
Маълумот учун, Шимолий Кореянинг 26 миллион кишилик аҳолисининг 1,2 миллионини ҳарбий хизматчилар ташкил этади. КХДРда ҳарбий хизмат мажбурий бўлиб, унга 17 ёшга тўлган эркаклар ва аёллар чақирилади. Аёллар учун ҳарбий хизмат муддати уч йил, эркаклар учун 10 йил ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13 март куни АҚШ ва Жанубий Корея ҳарбийлари “Озодлик қалқони” деб аталувчи қўшма ҳарбий машғулотларини бошлаган эди. Бу машғулотлар Шимолий Корея таҳдидларига қарши қаратилган бўлиб, 11 кун давом этиши режалаштирилган. Бунга жавобан Шимолий Корея Япон денгизи томон “Хвасон-17” қитъалараро баллистик ракетасини учирган эди.
LiveБарчаси