Шимолий Корея урушда Россияни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди
Олам
−
12 Июнь 2023
11256Шимолий Корея ўз суверенитети ва келажагини империалистларга қарши ҳимоя қилаётган Россия халқини тўлиқ қўллаб-қувватлайди, бирдамлигини изҳор этади ҳамда фаровонлик ва ғалаба тилайди. Бу ҳақда Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг Россия Президенти Владимир Путинга Россия куни муносабати билан йўллаган табрик телеграммасида айтиб ўтилган. Бу ҳақда Корея марказий ахборот агентлиги хабар берди.
“Ўртоқ Ким Чен Иннинг таъкидлашича, бугунги кунда Россия халқининг ортиб бораётган таҳдид ва давлат суверенитети, хавфсизлиги ва тинч ҳаётига путур етказишга уринаётган душман кучлар чақириғига қарши кураши янги муҳим босқичга кирмоқда. Давлат раҳбари Россия халқини тўлиқ қўллаб-қувватлаши ва бирдамлигини билдиришини маълум қилди”, дейилган хабарда.
Ким Чен Ин ўз сўзида адолат доимо ғалаба қозониши ва рус халқи ғалаба тарихини нишонлашда давом этиши ҳақида ўз тилакларини билдирган.
Шунингдек, у Шимолий Корея ва Россия халқлари ўртасидаги дўстлик ҳар икки давлат учун “қимматли стратегик бойлик”га айланганини таъкидлаган. Ин Пхеньян ва Москва ўртасидаги яхши қўшничилик муносабатлари ва стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёр.
Маълумот учун, Шимолий Корея етакчиси Владимир Путинни давомли равишда Россия куни муносабати билан табриклаб келади. У ўтган 2022 йили йўллаган табрикномасида ҳам Россия Федерациясини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирган эди.
LiveБарчаси