Шимолий Корея қаршилигига қарамай АҚШ ва Жанубий Корея ҳарбий ҳаво машғулотларини ўтказмоқда
Олам
−
03 Февраль 2023
6853Шимолий Кореянинг қўшма ҳарбий машғулотлар ярим оролдаги кескинликни ошираётгани ҳақидаги шикоятларига қарамай, АҚШ ва Жанубий Корея бугун, 3 февраль куни ўзларининг сўнгги русумдаги жанговар самолётлари билан бир ҳафта ичида иккинчи марта машғулотлар ўтказди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 3 февраль куни икки давлат Корея ярим ороли ғарбий қисмида, денгиз устида Жанубий Кореянинг F35A ҳамда АҚШнинг F-22 ва F-35B каби жанговар самолётлари иштирокида қўшма ҳаво машқлари ўтказган.
“Шимолий Кореянинг ядровий ва ракета таҳдидларига қарши кучли жавоб қайтариш ва тайёр туриши учун қўшма машғулотларни кучайтиришда давом этамиз”, дейилади Жанубий Корея ҳарбийларининг баёнотида.
Шимолий Корея Ташқи ишлар вазирлиги эса Америка Қўшма Штатлари ва унинг иттифоқчиларининг олдинги машғулотлари “ўта қизил чизиқ”га етганини маълум қилиб, яриморолни катта уруш арсеналига ва муҳимроқ уруш зонасига айлантириш билан таҳдид қилди.
Шунингҳдек, Шимолий Корея давлат ахборот агентлиги тарқатган баёнотда Вашингтон душманона сиёсат юритар экан, Пхеньян мулоқотдан манфаатдор эмаслиги маълум қилинган.
Маълумот учун, ўтган йили Шимолий Корея БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюциялари билан тақиқланган рекорд миқдордаги баллистик ракета синовларини ўтказди. Шунингдек, Шимолий Кореяда 2017 йилдан бери биринчи марта ядровий синов ўтказилиши кутилаётган ядровий қурол синов майдончаси қайта очилди.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси