Шифокорларнинг айби билан фуқаро 15 кун комада ётиб, вафот этди

Жамият 17071
image

Қорақалпоғистонда шифокорларнинг беэътиборлиги сабаб бир фуқаро 15 кун давомида кома ҳолатида ётиб, вафот этди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси Бош прокуратураси хабар бермоқда.

Aниқланишича, жорий йилнинг 26 июль куни соат 16:00 ларда Тўрткўл туманида яшовчи фуқаро И.С спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолатда уйига келади ва оила аъзолари билан ўзаро жанжаллашиб қолади. Жанжални тинчитиш мақсадида унинг турмуш ўртоғи Ч.Х туман ИИБга қўнғироқ қилади. 

Фуқаро Ч.Х.нинг чақирувига асосан туман ИИБ профилактика инспекторлари М.Ж ва М.Д.лар воқеа жойига етиб келишган ва И.С.ни туман ИИБнинг таянч пунктига олиб кетишган.Таянч пунктида фуқаро И.С кўнгли беҳузур бўлаётганлигини айтганлиги учун профилактика инспектори томонидан унинг аёли ва тез-тиббий ёрдам чақирилган.

Қайд этилишича, Тўрткўл тумани тиббиёт бирлашмасига келтирилган И.С. беҳуш ҳолатида бўлса-да, шифокорлар томонидан ўз вақтида зарур тиббий муолажалар кўрсатилмаган. Бунга унинг спиртли ичимлик истеъмол қилиш натижасида маст бўлгани ва ухлаб қолгани рўкач қилиниб, шу куни қориндошлари орқали уйига рухсат бериб юборилган.

Натижада беҳуш бўлган, кома ҳолатидаги фуқаро И.С. уйида ҳам ўзига келмагани сабабли эртаси куни яна туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилиб, тиббиёт бирлашманинг жонлантириш бўлимига ётқизилади. Фуқаро 11 августгача ўзига келмасдан, шифохонада вафот этади.

Терговга қадар текширув давомида фуқаро И.С.нинг ўлими сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Ушбу ҳолат бўйича Тўрткўл туман прокуратураси томонидан бугун, 19 август куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 207-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Aҳрорбек Ҳайруллаев

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 532
Рейтинг: 2.9
t
×