Шифокорлар тирик чақалоқни моргга топшириб, унинг ўлимига сабабчи бўлди
3-саҳифа
−
12 Апрель 2022
15689Қорақалпоғистонда тирик чақалок ёриб кўрилди ва унда ҳаётий белгилар аниқланганига қарамай, перинатал марказга бериб юборилди. Оқибатда чақалоқ вафот этди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси Матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, Нукус шаҳрида яшовчи фуқаро Н.Ю. ўтган йилнинг 14 февралида қиз фарзанд кўрган. Эртасига соат 09:15 да Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий перинатал маркази шифокорлари томонидан ушбу чақалоқ ўлганлиги қайд этилиб, соат 10:15 да патология бюроси ходимларига бериб юборилган.
Патология бюроси ходимлари чақалоқнинг кўкрак қафасида анотомик кесма кесган вақтида унда ҳаётий белгилар аниқланган. Бироқ унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилмаган ва перинатал маркази шифокорларига бериб юборилган. Оқибатда чақалоқ вафот этган.
Ушбу ҳолат юзасидан Нукус шаҳар прокуратураси томонидан ўтган йилнинг 6 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят ишининг дастлабки тергов ҳаракатлари давомида тайинланган комиссиявий суд-тиббиёт экспертизасининг 2021 йил 26 октябрдаги хулосасида чақалоқ ўлимига амалдаги стандартларга мувофиқ реанимацион ёрдам-ўпканинг сунъий вентиляцияси, сурфактант ва лозим даражада қаров ўтказилмагани ҳамда патолого-анатомик тадқиқот мақсадида тирик чақалоқда ўтказилган анатомик кесма-жароҳат сабаб бўлгани, стандартларга мувофиқ даво муолажалари ўтказилган тақдирда чақалоқ ҳаётини сақлаб қолиш имкони бўлгани кўрсатиб ўтилган.
Юқоридаги ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий перинатал маркази чақалоқларнинг реанимация бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган А.Д., Қорақалпоғистон Республикаси перинатал маркази неонатолог шифокори бўлиб ишлаган С.Р. ва Қорақалпоғистон Республикаси патология-анатомия бюроси патология-анатом шифокори К.Г.лар Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 116-моддаси 3-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбланувчи тариқасида жиноят ишига жалб қилинган.
Ўтган йилнинг 4 декабрь куни жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари тамомланиб, жиноят ишлар бўйича Нукус шаҳар судига Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 388-моддаси мувофиқ мазмунан кўриб чиқиш учун юборилган.
Ҳозирги вақтда ушбу ҳолат жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар суди томонидан кўриб чиқилмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь