“Шифокорлар иттифоқи” раҳбари Навальнийни кўргани қамоқхонага борди
Олам
−
06 Апрель 2021
5079Бугун, 6 апрель куни “Шифокорлар иттифоқи” раҳбари Анастасия Васильева ва йигирмага яқин фаол Алексей Навальний сақланаётган ахлоқ тузатиш муассасасига келди. Бу ҳақда “ZNAK” нашри ёзмоқда.
Маълум қилинишича, Васильева Федерал жазони ижро этиш хизмати вакиллари билан алоқада бўлиб, мухолифатчи Навальнийнинг олдига киришни талаб қилган. 20 га яқин фаол эса “рухсат бер” деб қамоқхона олдида бақирган.
Шундан сўнг, ахлоқ тузатиш муассасасига келган хавфсизлик кучлари ОАВ вакилларидан колония яқинидаги хавфсизлик ҳудудидан чиқиб кетишни талаб қилган.
Васильевага кўра, колония раҳбари бугун таътилда. Шу сабабли у Навальнийнинг олдига кириш учун Рараев фамилияли колония раҳбари ўринбосари билан алоқа ўрнатишга ҳаракат қилмоқда.
“Шифокорлар иттифоқи”раҳбарига қўшилиб келган тиббиёт ходимлари мухолифатчини қўллаб-қувватлашини маълум қилган.
“Биз бу ерга Навальнийни қўллаб-қувватлаш учун, шунингдек, қанчалик адолатсизлик юз бераётганини билганимиз учун келдик”, дейди Елена исмли шифокор.
Москва вилоятидан келган тез ёрдам шифокори Елена Айдабулова колония бошлиғи билан учрашишга ҳаракат қилишини айтган.
“Биз кириб, беморимизни кўришни хоҳлаймиз. Ўйлайманки, тиббиёт ходимлари сифатида қўлимиздан келганча ёрдам беришимиз керак”, дейди Айдабулова.
Шифокорнинг сўзларига кўра, ҳозир Навальнийнинг умуртқа поғонасида чурра бор ва бу белдан пастки қисмларни фалаж ҳолатига олиб келиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 2 апрель куни “Шифокорлар иттифоқи” сиёсатчи сақланаётган колония деворлари олдида митинг ўтказишини эълон қилган. Бунга соғлиғи ёмонлашаётганидан шикоят қилаётган сиёсатчи Алексей Навальнийга шифокор кўригидан ўтишга рухсат берилмаётгани сабаб қилиб кўрсатилган.
Ўз навбатида, Алексей Навальний тана ҳарорати 38 даражадан ошиб кетгани ҳамда бел ва оёқ қисмидаги оғриқлардан шикоят қилган. Навальнийга шифокор кўригидан ўтишга рухсат берилмагач, у очлик эълон қилган.
Сўнгги хабарларга кўра, сиёсатчини кўргани келган “Шифокорлар иттифоқи”раҳбари ҳам ҳибсга олинган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь