Шавкат Мирзиёев Жаҳон банки вице-президентини қабул қилди

Жамият

image

Бугун, 29 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаҳон банки таъсисчи давлатларининг “Швейцария гуруҳи” йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатда бўлиб турган банкнинг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Антонелла Бассани бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Антонелла Бассани давлат раҳбарига Жаҳон банки президенти Ажай Банганинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказган.

Жаҳон банки гуруҳи билан стратегик ҳамкорликни Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган таркибий ислоҳотларнинг устувор йўналишлари бўйича кенг миқёсда ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.

Сўнгги йилларда ушбу нуфузли халқаро молиявий институт билан икки томонлама алоқалар ва конструктив шериклик мисли кўрилмаган даражага кўтарилгани мамнуният билан қайд этилган.

Ўтган йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида Жаҳон банки президенти билан эришилган олий даражадаги келишувлар изчил амалга оширилмоқда.

Қўшма лойиҳалар портфели 15 миллиард доллардан ошган. Тошкент шаҳрида Жаҳон банкининг минтақавий офиси муваффақиятли фаолият юритмоқда. Молиялаштиришнинг янги механизмлари самарали жорий этилмоқда.

Жорий йилда бўлиб ўтадиган Жаҳон банки олий раҳбариятининг ташрифлари ва қўшма тадбирларга пухта тайёргарлик кўриш муҳимлиги таъкидланган.

Ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг энг асосий йўналишларини қамраб олувчи янги узоқ муддатли Мамлакат дастурини ишлаб чиқиш режалари қўллаб-қувватланган.

Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш чора-тадбирларини амалга ошириш, давлат корхоналарини хусусийлаштириш бўйича қўшма дастурларни илгари суриш ҳамда иқтисодиёт тармоқларига сунъий интеллект технологияларини жорий этишда Жаҳон банки гуруҳининг молиявий воситаларидан фойдаланишни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Сув хўжалиги соҳасини молиялаштириш, инсон капиталини ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилашга кўмаклашиш масалаларида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳам устувор вазифалардан бири сифатида қайд этилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг