Шавкат Мирзиёев ЕХҲТ раисини қабул қилди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 14 апрель куни Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлиб турган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) амалдаги раиси, Швеция Қироллиги ташқи ишлар вазири Анн Линде бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Учрашувда Ўзбекистоннинг ЕХҲТ билан конструктив шериклигини ривожлантириш, Ўзбекистон билан Швеция ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Давлат раҳбари ЕХҲТ билан самарали мулоқотнинг бугунги даражасини мамнуният билан қайд этган ҳамда Швециянинг ташкилотга раислигининг устувор йўналишларини қўллаб-қувватлаган.

Кейинги йилларда, шу жумладан ушбу нуфузли минтақавий ташкилотнинг мамлакатимиздаги лойиҳалари координатори офисининг изчил саъй-ҳаракатлари туфайли ўзаро мулоқот ва алмашинувлар жадаллашгани таъкидланган.

Суҳбатда Ўзбекистон Президенти ЕХҲТ билан кўп қиррали шерикликни, аввало, Ўзбекистонда муҳим ички сиёсий тадбирларни ўтказишга тайёргарлик доирасида кенгайтиришнинг асосий йўналишларига алоҳида тўхталган.

Ўзбекистон ташкилотнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ва Парламент ассамблеяси билан сермаҳсул мулоқотни давом эттиришдан манфаатдор экани қайд этилган.

Яқин орада бир қатор қўшма тадбирларни ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилган.

Ўзбекистон Президенти Швеция билан икки томонлама муносабатларнинг истиқболлари ҳақида сўз юритар экан, таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш, Швеция етакчи компанияларининг инновациялари ва инвестицияларини Ўзбекистонга жалб этиш, савдо ва кооперация алоқаларини кенгайтиришни муҳим йўналишлар сифатида қайд этган.

Қайд этилишича, Швецияда Ўзбекистоннинг дипломатик миссиясини ташкил этиш мамлакатлар ўртасидаги ва умуман скандинав давлатлар билан ҳамкорликнинг мавжуд салоҳияти ва кенг имкониятларини рўёбга чиқаришга хизмат қилишига ишонч билдирилган.

“ЕХҲТнинг амалдаги раиси, Швеция ташқи ишлар вазири илиқ қабул ва очиқ суҳбат учун самимий миннатдорлик билдирди.

Анн Линде Ўзбекистонда янги босқичда амалга оширилаётган демократик янгиланишлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни, шунингдек, Марказий Осиё минтақасида яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш борасидаги сиёсатни юқори баҳолади ва қўллаб-қувватлади”, дейилади хабарда.

ЕХҲТ доирасидаги қўшма ташаббуслар қўллаб-қувватланаётгани ҳамда Швеция билан амалий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига юксак эътибор қаратилаётгани учун миннатдорлик билдирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

24

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг