Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон бир-бирини табриклади

Жамият

image

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон икки давлат ўртасида дипломатик алоқа ўрнатилганига 30 йил тўлгани муносабати билан бир-бирини табриклади.

“Ҳурматли Имомали Шарипович! Азиз биродарим!

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан Сиз, Жаноби Олийларини ва қардош Тожикистон халқини самимий табриклашдан жуда хурсандман”, дейилади Шавкат Мирзиёев йўллаган телеграмма аввалида.

Ўзбекистон Президенти икки давлатнинг ўттиз йиллик ҳамкорлиги муҳим ва ёрқин воқеаларга бой бўлганини, барча соҳаларда яқин дўстлик ришталари изчил мустаҳкамланиб, кўп қиррали муносабатлар учун ҳуқуқий асос ва самарали институционал механизмлар яратилганини алоҳида таъкидлаган.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон томони ўзаро ҳамкорлик ўзаро ишонч, юксак ҳурмат, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик тамойиллари асосида юқори суръатларда ривожланиб бораётганидан мамнун эканини қўшимча қилган.

“Энг муҳими, ушбу қутлуғ сана кенг нишонланаётган жорий йилда муносабатларимизни янада юқори поғонага – иттифоқчилик даражасига кўтариш бўйича тарихий қарор қабул қилдик ва бу юксак мақсадларга эришиш йўлида биргаликда қатъий ва амалий қадамлар ташламоқдамиз.

Очиқлик ва конструктив руҳда ўрнатилган олий ва юксак даражадаги фаол мулоқот, давлатлараро ва ҳукуматлараро муносабатларимизни тартибга солишнинг мавжуд механизмлари барча соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун асос бўлиб хизмат қилмоқда”, дейилади Президент Мирзиёевнинг табригида.

Ўзбекистон етакчиси бундан кейин ҳам стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳида чуқурлашиб бораётган ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаб, муштарак тарих ва маданиятга эга икки халқнинг умумий тараққиёти йўлида янги марралар сари биргаликда ҳаракат қилишга ишон билдирган.

“Сизни муносабатларимиз йилномасида қайд этилган ушбу муҳим сана билан яна бир бор табриклаб, Сизга, Жаноби Олийлари ва оила аъзоларингизга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, масъулиятли давлат фаолиятингизда улкан муваффақиятлар, қардош Тожикистон халқига тинчлик ва узлуксиз тараққиёт тилайман”, дея сўзини якунлаган Шавкат Мирзиёев.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

75

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг